"Ювентус" ҳужумчиси Криштиану Роналду "Реал"да ўтказган фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. 33 ёшли португалиялик футболчи бу ёзда испан клубидан Италия жамоасига 117 миллион евро эвазига ўтган эди.
– Бу қарорни келиш қийин бўлмади, – дейди Роналду DAZN нашрига берган интервьюсида. – Мадридда ўтган дамлар жуда ажойиб эди. Мен барчасини ютиб бўлдим. Оилам ҳам ўша ерда яшади, аммо ҳаётимнинг бу қисми ўтмишда қолди.
Эслатиб ўтамиз, Роналду "Реал" сафида 2009-2018 йилларда тўп сурди. Бу вақт ичида 438 ўйинда 450 марта рақиблари дарвозасини ишғол қилди. Шунингдек, ҳужумчи 15 соврин (шулардан 4 таси ЕЧЛ бош соврини)ни қўлга киритди.
Португалиялик туринликлар сафида дебют ўйинини 18 август куни Италия чемпионати 1-тур доирасида "Кьево"га (3:2) қарши ўтказди. Бу ўйинда у гол ура олмади, бироқ рақиб дарвозабони Стефано Соррентинога жароҳат етказди.
