Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Пул ҳамма нарсани ҳал қилади. Футболчилар товарга айланиб қолишди. Уларни қимматроққа сотишни ўзлари ҳохлашмоқда. (Мишел Платини)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Рустам Ашурматов билан сухбат

Рустам Ашурматов билан сухбат

Рустам Ашурматов билан сухбат

Рустам Ашурматовни болалар футболида ўйнаб юрган вақтларидан буён биламан. “Бунёдкор”нинг 1996 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоаси қолганларига қараганда заифроқ эди. Уни Лушчан қабул қилиб олди-ю, шу ёш бўйча “Пахтакор” гегемонлигига чек қўйди. “Бунёдкор-96” энг стабил жамоага айланди.

Кейинчалик ундан Достон Ҳамдамов, Акром Комилов, Рустам Ашурматов каби иқтидорлар етишиб чиқишди. Бугунги “Бунёдкор”ни мана шу йигитлар жўрлигида тасаввур қиламиз. Акром ва Достон ўтган мавсум бошидаёқ асосий таркиб футболчиларига айланиб олишганди. “Бунёдкор”нинг “Аш-Шабаб”га қарши учрашувида эса ва ниҳоят Рустам Ашурматовга ҳам катта эътибор берилди. Уни олимпиячилар сафида Осиё чемпионатига олиб кетишмаганди. Лушчан эса олиб кетилмаган ва кўп ҳам ишонилмаган футболчи тандемини қўрқмасдан майдонга ташлади. Натижасини ҳаммамиз кўрдик.

Сухбат таклифи билан чиққанимда Рустам рози бўлди. Одатимга кўра телеграм месенжери ўртамиздаги восита бўлиб хизмат қилди. Тасаввур ҳосил қилиб олиши учун унга Икром Алибоев билан сухбатни ташлаб бердим.

Икром Алибоев билан интервьюни ўқиганингдан сўнг у ҳақида фикринг ўзгардими?

Йўқ. Жуда яхши бўлмаса ҳам, ҳар холда Икромни биламан.

Рустам Ашурматовни ҳам билиш қийин эмас. Жуда ҳам ишонувчан ва софдил бола…

Сиз қаердан биласиз? Ичимга кириб чиқмагансиз-ку (ҳазиллашган смайлик).

Билмаган одамим билан сухбатлашмаган бўлардим.

Адашмасам, сиз билан кўп ҳам мулоқот қилмаганмиз. Қаердан билишингиз мумкин?

Ҳаётда кузатувчан инсонман. Қўшимчасига умумий яқинларимиз бор.

Тушунарли… Демак мен ҳақимда айтиб беришган.

Сен ҳақингда кўпчилик гапиряпти. Ахир “Бунёдкор”нинг асосий таркибида ўйнашни бошладинг.

Тўғри. Лекин бу гапларга кўп ҳам аҳамият бераётганим йўқ. Чунки шу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Ўзингиз тушунасиз-ку…

Тушунаман. Лекин қачонлардир “Навбаҳор”га кетиб юбормоқчи бўлганингни тушунолмагандим.

Буни қаердан биласиз?! Фақатгина хаёлимдан ўтказгандим, ҳалос. Ўйлаб қарасам, кетишим нотўғри бўларди. “Бунёдкор”да қолишни афзал билдим.

Адашмасам “Навбаҳор”да аканг тўп суради.

Ҳа. Ўтган мавсум “Навбаҳор” учун иккита учрашувда ўйнади. Ҳозир “Андижон”да шуғулланяпти.

Ўша иккита ўйиндан биттаси туғилган кунида “Локомотив”га қарши ўтган ва аканг 5 та гол ўтказиб юборганди…

Эсимда. Ўйинни кўриш учун стадионга боргандим. Барчаси кутилмаганда содир бўлди. Менимча бу қисматни ҳеч ким хоҳламаса керак…

Ўша учрашувни ўзим шарҳлагандим. Туғилган кунни қандай нишонлашингларни хаёлдан ўтказиб кўргандим.

Акам уйга ҳеч нарса бўлмагандек кириб келишга ҳаракат қилдилар, аммо ўхшата олмадилар. Нишонлашга келсак, ҳожат йўқ эди. Одатда акам билан туғилган кунимизни битта қилиб ўтказамиз: ё биринчи ёки 7 июлда. Ўшанда менинг туғилган кунимда нишонлагандик.

Раҳматли дадангизга ким кўпроқ ўхшайди?

Қуйиб қўйгандек менга ўхшаганлар десам, адашмаган бўламан…

Уларни эслолмасанг керак?

Фақат суратларини кўрганман… Отасизликни ичимдан ҳис қилганман. Лекин буни кўпчилик билмасди, билишингиз хайрон қолдирди. Умуман буни ҳеч кимга раво кўрмайман. Майлими, бошқа мавзуда гаплашсак?

Мавзу Рустамга ёқмади. Аслида бу беркитадиган нарса эмас, бу ҳақда болалар чемпионатида ўйнаб юрганидаёқ билардим. Қойил қолганим, у синиб қолмаган. Шерикларига ўрнак бўла оладиган ўйин кўрсатарди. Тоғаси Бахтиёр Ашурматов у ва оиласига ғамхўрлик қилишига қадар билардим. Бежизга икки ака-ука футболга меҳр қўймаганди. 

Лушчанни хурмат қиламан. У анча қаттиққўл мураббий. Жаҳли ўйинга таъсир кўрсатмайдими?

Лушчанни ҳаммадан яхшироқ билсам керак. “Бунёдкор”га келганимдан бери унинг қўли остида шуғулланаман, худди отамдек бўлиб қолган десам, нотўғри бўлмайди. Жаҳлига эса ўрганиб кетганман, кўнглимга қаттиқ олмайман. Менга таъсир қилишини ишончсизлик билан ўлчаётган бўлсангиз, шунчаки хато қилишдан қўрқаман, шунинг учун сизга шундай кўринса керак…

Қисматингга Бахтиёр Ашурматов каби бўлиш ёзилган бўлса, рози бўлармидинг?

Тоғамга доим ҳавас қилганман. Улар каби бўлишни ким ҳам истамайди дейсиз. Аммо менда улардан ҳам яхшироқ имкониятлар борида, нега фойдаланмаслигим керак?! Менинг келажагим ҳали олдинда.

Мен ҳам шу назарда тутиб савол бергандим. Оддий мисол, улар кичик мундиалларда ўйнамаганлар, сен эса иккита жаҳон чемпионатини кўрдинг.

Тўғри. Аммо бу жаҳон чемпионатларини миллий терма жамоанинг 1 та ўйинига алишган бўлардим.

Бунга ҳали имкониятинг етарли.

Мен ҳам шундай ўйлайман. Тоғам ватан терма жамоаси учун кўп ўйнаганлар. Мен улардан кўпроқ ўйнашни истайман!

Олимпия терма жамоасига чақиришларини кутганмидинг?

Ростини айтсам, йиғинлардаёқ сезишни бошлагандим чақирмасликларини.

Сабаб?

Мураббий менга нисбатан ишонч билан қараётганини сезмадим.

Дилшод Нуралиев олимпия терма жамоасида қолганида менимча чақирарди…

Балки. Аммо афсусланмайман. Қаердадир хато қилгандирманки, ишонч билдиришмади. Билдимки, ҳозир кимдандир кучсизман. Шунинг учун ҳам устимда ишлашда давом этавераман.

“Аш-Шабаб” билан ўйинда асосийда бўлишингни билармидинг?

80 фоизга. Қолган 20 фоизида нимадир бўлиб тушмай қолишимдан қўрқардим.

Жавлон билан ўйнаш қандай?

У билан фақатгина 1 та расмий ўйинда ўйнадик. Қолганлари ўртоқлик мақомида эди. Бу иккита нарса катта фарқ қилади. У билан бир-биримизни яхши тушуняпмиз. Бироқ якдил хулоса билан ҳозирча фикр билдира олмайман.

Уни сенлаб чақирасанми?

Баъзида ҳа, баъзида сизлаб. Бунга унча эътибор бермаймиз. Катта футболчиларга ака деб мурожаат қиламиз.

Энди хорват келди. Унинг келиши кимнингдир заҳирага ўтиришини билдиради, менимча.

Балки шундайдир. Аммо ундан қўрқадиган жойимиз йўқ. Рақобатлашишга кучимиз етади. Ким кучли бўлса – ўша ўйнайди. Умуман клубга тажрибали футболчи ҳам керак. Агар легионер номини оқлайдиган футболчи бўлиб ўйнаса – алам қилмайди. Лекин биз билан бир ҳилда бўла туриб ёки кучсиз бўлиб ўйнаса менга таъсир қилади.

Майдонда ким кўпроқ танбеҳ беради?

Шубҳасиз Сергей Иванович.

Футболчиларданчи?

Жамоамизда дўстона атмосфера. Ҳозирча ҳеч кимдан сўкиш эшитмадим. Акмал акага (Шораҳмедов) яқин ўйнаганим учун улар кўпроқ ўргатиб турадилар.

Ким билан тандемда ўйнаш осонроқ?

Энг қулай вариант Хайрулла ака Каримов мен учун. Ўйинни бошқаришлари яхши эди, мен ҳам камроқ хато қилардим.

Рости, кутилмаган жавоб. Хайрулла Каримовни биринчи паси ҳамда бош билан ўйнаши менга ҳам ёқади. Лекин рақиб оёғини аямаслиги хайрон қолдиради.

Бирга ўйнаганим учун айтаман, ҳеч қачон қасддан қилмаганлар. Улар фақат рақибни эмас, ўзларини ҳам аямайдилар.

Олий лигада кимга қарши ўйнаш қийин?

Ҳар қандай футболчига қарши ўйнаш мумкин.

Масалан Жеррард Рэмзига қарши ўйнаш қийинлигини тан олганди.

Балки 3-4 та футболчини мисол қилиб келтирсам бўлар. Масалан Игорь Сергеев, Камолиддин Мурзоев, Жасур Ҳакимов…

Сергеев билан ҳаводаги ўйини учунми?

Ҳа. Ростини айтсам ҳаводаги курашларда қийналаман. Пастда эса Жалолиддин Машарипов тезкор. Сизга ҳам савол берсам майлими?

Бемалол.

Нега айнан мени танладингиз сухбат учун?

Иккинчи марта сўраяпсан. Яхши билганим учун.

Билмаганлардан интервью олиш қизиқ эмасми?

Танимаган одамим билан нимани гаплашиш мумкин?

Билганларингиз менсиз ҳам кам эмас-ку.

“Аш-Шабаб” билан ўйинда ҳимоя бехато ўйнаганидан кейин сени танлаб олдим.

Ўша куни тўп ҳимояга кўп келмади. Ярим ҳимоя ва ҳужум анча яхши ўйнади. Ўша позициядагиларга ўйиндан кейин рахмат айтдим.

Элдор, Достон ва Забиҳулло ўйнади олдинда. Шу уч футболчидан қайси бирини ёпиш қийин?

Учаласини ҳам ўзига яраша кучли томони бор. Элдор тезкор ва вазиятдан зўр фойдаланади. Достонда чап оёқ шунчаки ажойиб, пасларига ҳавас қилиш мумкин, қўшимчасига дриблинги яхши. Забини эса ҳавода ютишнинг иложи деярли йўқ. Иккала оёғида ҳам бир ҳил зарба беради.

Футболга алоқаси йўқ дўстларинг кўпми?

Умуман йўқ десам ҳам бўлади.

Мактабда ўқигансан-ку?

7-синфгача Қўқонда, кейин 3 йил Тошкентда ўқидим. Қўқонда пайтим ёш эдим, яқин ўртоқ бўлишга улгурмай қолдим. Тошкентда русча мактабда ўқидим. Рус тилини билмаганим учун ҳеч ким билан гаплашмасдим.

Ҳозир билишга мажбурсан. Ҳеч бўлмаса Ивановични тушуниш учун))

Ҳозир биламан. 100 фоиз бўлмаса ҳам фикримни тушунтириб бероламан.

Инглизчаничи?

Репетиторга бораман. Оддий одамлардан бироз яхшироқ гаплашадиган бўлиб қолдим (кулади).

Четга кетишга тайёргарликми?

Ўзим учун ўрганяпман. Вақти келиб четда ўйнаш ниятим ҳам йўқ эмас.

Битта фикр этсам ҳафа бўлмайсанми?

Олдин айтинг, кейин ўйлаб кўраман (уялган смайлик).

Мактабда яхши ўқимагансан деган хулосага келдим.

7-синфгача фақат 5 га ўқиганман. Кейингисини ўзингиз тушунасиз.

Тошкентга келишга нима сабаб бўлган?

“Бунёдкор” олиб келган.

Оиланг ҳам шу ерда истиқомат қилади адашмасам.

Ўша пайтлари акам “Пахтакор”да эди. Иккита ўғил Тошкентда бўлгани учун оилам ҳам шу ерга келишга қарор қилган.

Тошкентда энг ёқмаган жиҳат нима?

Тирбандлик.

Машинадамисан?

Кўчадаги таксиларнинг ҳаммаси менинг машинам.

Журналистлардан ранжиган пайтинг бўлганми?

Бўлган. Лекин ҳеч кимга айтмаганман.

Мендан ранжигандирсан?

Энди айтмоқчи эдим, ҳар холда сиздан эмас, деб.

Тилим аччиқ, хато қилганингда хато қилди деганман.

Танқидни ҳар доим тўғри тушунганман, бунинг ҳафа бўладиган жойи йўқ, акам.

Футболдан бошқа орзуинг ҳам борми?

Онажоним, синглим ва акамни бахтли кўриш. Бошқа нарса керак эмас.

Футболчи бўлмаганингда ким бўлардинг?

Ўйлаб кўрмаганман. Кейин ўйлаб қарасам, ўйлаб кўрмай хато қилганман. Чунки  футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Яратгандан тинимсиз равишда соғлиқ сўрайман.

Рустам чиндан ҳам софдил йигит. Ҳар икки гапнинг бирида “акам” деб мурожаат қилади. Жаҳон чемпионатидан қайтиб келганида, онаси билан кўришгани, унга тўймаслиги ҳеч эсимдан чиқмайди. Монтажда ўша кадрларни қайта-қайта кўрганимдаёқ қачондир у билан яқиндан танишишни ният қилгандим. Ўша болалар чемпионатидаёқ ундан яхши футболчи чиқишига ишонганман. Ишлари ҳозирча ёмон эмас. Охиригача шундай бўлиб қолишини чин дилдан истайман.

Diyor Imomxo'jayev suhbatlashdi.

1457458029
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар