Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Пул ҳамма нарсани ҳал қилади. Футболчилар товарга айланиб қолишди. Уларни қимматроққа сотишни ўзлари ҳохлашмоқда. (Мишел Платини)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Футболчиликдан директорликкача ёки Владимир Шишеловнинг бугунги ҳаёти ҳақида

Футболчиликдан директорликкача ёки Владимир Шишеловнинг бугунги ҳаёти ҳақида

Футболчиликдан директорликкача ёки Владимир Шишеловнинг бугунги ҳаёти ҳақида

 Мухлисларимиз Владимир Шишеловни яхши билишади. Ҳужумчи сифатида доим ўзидан илиқ таассурот қолдириб келган ушбу ўйинчи миллий терма жамоамизда ҳам ажойиб ўйинлар кўрсатганди. Фаолияти давомида эса бир қатор клублар шарафини ҳимоя қилган. Кўпчилик эса бу футболчига ҳавас қиларди. Аммо Владимир анча пайтдан бери кўринмай қолганди. Футболимиз учун ўз ҳиссасини қўшган ҳужумчига эса бефарқ қараб тура олмасдик. Суриштирувларимиз натижасига кўра у Россияда футбол мактабини очган экан. Шу сабабли Шишеловни анча вақт қидиришимизга тўғри келди. Ниҳоят, таниш-билишларимизнинг ёрдами билан уни топишга муваффақ бўлдик.   

- Бизга маълум бўлишича, Москвада футбол мактаби очибсиз. Очиғини айтганда, буни ҳеч кутмагандик. Айтингчи, нима сабабдан бундай йўл тутишга қарор қилдингиз?

- 2013 йилнинг сентябрда мактаб ёшигача бўлган болалар учун футбол клубини ташкил этдим. Кейин, 2014 йилнинг январида “Қизилқум” менежери Ҳамиджон Актамов билан телефон орқали суҳбатлашгач, ўйлаб ўтирмасдан Навоийга йўл олдим. Лекин оилавий шароит туфайли 2014 йилнинг ёзида ўйинчилик фаолиятимни тугатишимга тўғри келди. Ўша йилнинг сентябрдан мактаб ёшигача бўлган болалар билан шуғулланишда давом этдим ва менда Химкида болалар мураббийи бўлиб ишлашим учун имконият туғилди. Бу вазифага тайинланишим чўзилиб кетди. Шу орада ўзимда бундай ишлар билан шуғулланиш имконини берувчи мактабни ташкил этиш имконияти юзага келди. “СК ОД-80” бош директори Кузнецов Д.В. билан шу масалада суҳбатлашгач, “Олимпия қишлоғи-80” спорт мажмуасида футбол мактабимни очдим.

- Ҳозир 36 ёшдасиз. Ахир яна бир-икки йил бемалол ўйнашингиз мумкин эди. Ростини айтсам, Владимир Шишелов шу кунгача фаолиятини давом эттираётган бўлса керак, деган хаёлда эдим. Кутилмаганда...

- Ҳа, яна бир-икки йил бемалол тўп ортидан чопиб юришим мумкин эди. Қолаверса, соғлиғим бунга имкон беради. Лекин уч нафар фарзандим бор ва оилам билан кўпроқ бирга бўлиш истаги устун келди.

- Владимир, фаолиятингизни давом эттириб юрган кезларда бутсаларингизни михга илганингиздан кейин ўзингизни мураббий ролида кўришни тасаввур қилганмисиз? Сиз кутилмаганда футбол мактабини очдингиз. Айтингчи, клубда мураббий бўлиб ишлаш сизни унчалик қизиқтирмайдими?  

- Футбол мактабини очганимдан сўнг энди мен бир пайтнинг ўзида раҳбар ва мураббийман... Шунчаки, ҳозир ёш болаларга устозлик қиляпман холос.  

- Футбол мактабини очиш осон иш эмас. Агар сир бўлмаса мақсадингизга эришишда сизга ким яқиндан ёрдам берди? Бу йўлда муаммоларга дуч келдингизми?

- Нафақат футбол мактаби, балки ўзингиз ёқтирган иш билан шуғулланиш йўлида корхона очмоқчи бўлган тақдирингизда ҳам қаршингизда қатор муаммолар чиқади. Асосийси, киши севган ишини яхши кўриши ва иштиёқини сусайтирмаслиги керак. Омадим бор экан, Кузнецов Д.В. билан танишиб қолгач, у мени аввал бошиданоқ қўллаб-қувватлашга тушди.  

- Эшитишимизча, мактабингизга олий лигамизнинг бир қатор клубларида ўйнаган дарвозабон Юрий Цойни таклиф этган эмишсиз. Бу ишни юритишда яна бошқа дўстларингиз ҳам сизга ёрдам беришяптими?

- Афсуски, бир қанча сабабларга кўра Юрий Цой билан хайрлашишимга тўғри келди.

- Ўзбекистонда ўзингиз ўйнаган охирги клуб “Қизилқум” ҳисобланади. Лекин кутилмаганда жамоани тарк этдингиз. Бу қарорни ўзингизни қабул қилдингизми ёки кимдир сабабчи бўлдими?

- Оилавий шарт-шароитлар туфайли шундай бўлиб қолди.

- Сизни ҳеч иккиланиб ўтирмай жаҳонгашта футболчи дейиш мумкин. Агар адашмаётган бўлсам, 17 та клубда ўйнагансиз. Хитойда, Молдавияда ва Россияда тўп сурдингиз. Агар сир бўлмаса айтингчи, ўзингизни кўпроқ қайси юртда ҳар томонлама қулай ҳис қилгансиз?

- Умуман айтганда, 18 та жамоада ўйнаганман. Биринчиси Зарафшон шаҳрининг “Прогресс” жамоаси, охиргиси эса Навоийнинг “Қизилқум” клуби. Бир-биридан тубдан фарқ қиладиган икки турли жамоа... Қаерда керак бўлсам, ўзимни ўша жойда қулай ҳис қилганман! Шу боис мураббий ва клуб томонидан хизматимга эхтиёж сезилган пайтда бошқа жамоага ўтардим.

- Албатта, жаҳон футболида юз бераётган воқеалардан хабардор бўлишга интиласиз. Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги иштироки ҳақида нима дея оласиз? Ва Ўзбекистон чемпионати ҳақида қандай фикр билдирган бўлардингиз?

- Терма жамоа дастлабки босқичлардан муваффақиятли ўтди. Ўйлайманки, терма жамоамиз жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун “пишиб” етилди!!! Ўзбекистон чемпионатига тўхталсак, мавсум жуда қизғин бошланди. Умид қиламанки, бундан кейин ҳам етакчиларга ўртамиёна клублардан очко тортиб олиш қийин бўлади...”Қизилқум” билан “Бухоро”нинг мусобақа жадвалида юқори ўринларда бораётганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим.     

- Ўйинчилик даврингизда жуда яхши ҳужумчи бўлгансиз. Охирги пайтларда эса шу чизиқда ўйнайдиган футболчилар борасида бизда муаммолар юзага келган. Ҳужумчи сифатида бу масала юзасидан нима деган бўлардингиз?

- Яхши ҳужумчи бўлгансиз, деган мақтовингиз учун катта раҳмат. Умуман айтганда, яхши ҳужумчиларни ҳамма ерда топса бўлади. Бунинг учун қидириш керак холос.

- Сиз билан бундан кейин яна Ўзбекистонда учрашишимиз мумкинми?

- Агар Ўзбекистонда мураббий бўлиб ишлашим кимларнидир қизиқтириб қўйса, у ҳолда албатта учрашамиз! Лекин бунга қадар футбол мактабимдаги ишларни яхши ташкил этиш ва жараённи йўлга қўйиб олишим керак.

- Бизда, “Андижон”да ўйнаб юрган кезларингизда Александр Аверьянов билан ишлагансиз. Мабодо, Москвада у билан учрашмадингизми? Афтидан, охирги пайтларда Аверьяновнинг соғлиғида жиддий муаммолар юзага келганидан хабардор бўлсангиз керак...

- Аверьянов билан учрашганим йўғ-у, лекин қўнғироқлашдим. Ўшанда иш юзасидан гаплашгандик. Афсуски, бу пайтда менда штат тўлиб бўлганди. Унинг соғлиғида муаммолар юзага келганидан эса хабарим бор.

- Россия премьер-лигасида ўйнаётган легионерларимиз ҳақида нима дея оласиз? Албатта, бу ерда гап Виталий Денисов билан Одил Аҳмедов ҳақида бормоқда. Сизнингча, ўйинчи сифатида шаклланиш ва ўсиш масаласида рус лигаси улар учун охирги босқич ҳисобланмайдими? Қолаверса, Аҳмедов 29 ёшда...

- Денисов билан Аҳмедов юқори савиядаги ўйинчилардир. Улар ўзлари тўп сураётган клубларда бежиз етакчи футболчилар ҳисобланишмайди. Назаримда, шу билан саволингизга жавоб бериб бўлдим!!! Денисов билан Аҳмедовни Англия майдонларида кўришни истаган бўлардим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, иккиси у ерда “йўқолиб” қолмасдилар!  

- Табиийки, кўпчиликни футболчининг оилавий аҳволи қизиқтиради. Тўғри, боя бу ҳақида айтиб ўтдингиз, аммо ўз оилангиз ҳақида кенгроқ жавоб берсангиз.

- Уйланганман, уч нафар фарзандим бор: катта ўғлим Егорь 15 ёшда ва Химкидаги футбол мактабида шуғулланади. Қизим Дарина 10 ёшда бўлиб, бадиий гимнастикани ёқтиради ва “Ёш Москва” тўгарагида шуғулланади. Кичик ўғлим Фёдор 3 ёшда. У ҳақиқий безори! Рафиқам Ирина эса бадиий гимнастика бўйича мураббий.

- Сизни фаолиятидан қониқиш ҳосил қилган футболчи деб айтиш мумкинми?

- Мен бахтиёр инсонман. Оилам, уч нафар фарзандим бор. Қолаверса, севимли ишим билан машғулман!

- Кейинги режаларингиз қандай?

- Режаларим бисёр, аммо уларни қай даражада амалга оширишим мумкинлигини вақт кўрсатади.

- Агар сир бўлмаса охирги марта қачон интервью бергандингиз?

- Бундан бир ҳафта муқаддам, Москвадаги ҳаваскорлар футбол лигаси мухбирига. Аммо ҳозирча ўша суҳбат матбуотда чиққани йўқ.

- Ўзбек журналисти ўзингиз билан боғланиши мумкинлигини кутганмидингиз?

- Ростини айтсам, анчадан бери бировдан ҳеч нима кутмагандим. Дарҳақиқат, мени қидириб қўнғироқ қилганингиз жуда ҳам ёқимли бўлди! Унутиб юбормаганингиз учун катта раҳмат!!!

- Охирги савол: Владимир Шишелов ўзбек ишқибозларига нима дейишни истайди?

- Ҳурматли ишқибозлар, севимли жамоангизни фақат ғалаба қозонганида эмас, балки қийин вазиятга тушиб қолган пайтда ҳам қўллаб-қувватланглар! Албатта, ўйинчилар бунга жавобан сизларни ажойиб муваффақиятлар билан қувонтирадилар!!! Ҳаётимдаги энг яхши йилларни сизларнинг кўз ўнгингизда ўтказганимдан бахтиёрман! Барчангизга раҳмат!!!

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.        

1461437634
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар