Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Бир куни "Рома"ни ҳақорат қилган бир одамга мушт туширдим. Кейинроқ, нотўғри қилганимни англадим: қаттиқроқ урсам бўларкан. 

(Франчеко Тотти)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Эрик Абидал: "Барселона" учун курашдим, лекин улар..."

Эрик Абидал: "Барселона" учун курашдим, лекин улар..."

Эрик Абидал: "Барселона" учун курашдим, лекин улар..."

“Барселона” Эрик Абидалнинг ҳаёти саҳифаларида алоҳида бобларни эгаллайди. Бу шаҳар “Монако”, “Лилл”, “Лион” ва “Олимпиакос” жамоаларининг собиқ ҳимоячиси учун ўн йил давомида ўз уйидек бўлиб қолган. Каталония унинг 3 нафар қизи мактабга борадиган, икки йил давомида жигар саратонидан азият чекканида бутун дунё футбол жамоатчилигидан қўллаб-қувватловни қабул қилган шаҳардир. 2011 йилги Чемпионлар лигаси финали у жигар операциясини ўтказганидан 71 кун ўтиб 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилган ўйин бўлди. Якунда 3-1 ҳисобида ғалаба қозонилгач “Барса” сардори Карлес Пуйол сардорлик боғичини Абидалга тутқазиб ғолиблик кубогини кўтаришини айтди. Қуйида мана шундай кучли ирода эгаси бўлган футболчи Эрик Абидал билан уюштирилган суҳбатни тўлиқ ҳолида ҳукмингизга ҳавола этамиз.

 - Борди-ю, футболчи бўлмаганингизда қайси касбни танлардингиз?

- Ёшликдан орзуим футболчи бўлиш эди. Бироқ 17 ёшимда оёғимни синдириб олдим ва бу нарса унинг рўёби йўлида тўсиқ бўлди. “Лион”да рассомчиликка ўқиётганлигимда натижаларим ёмон эмас эди. Лекин синфдошларим орасидаги энг яхшиси ҳам эмасди. 18 ёшимда иккинчи дивизионда ўйновчи “Ницца” жамоасига қарши “Лион Душере” номли ҳаваскор жамоада кубок баҳсида ўйнадим. Бу ўйинда “Ницца” футболчилари ўйинини кузатиш учун “Монако” вакиллари келишган эди. Ўйинда биз жуда яхши ҳаракат қилдик ва 4-0 ҳисобида ғалаба қилдик. Ўйиндан кейин улар клубимиз президентига қўнғироқ қилиб бир ҳафтага мени ўз жамоаларига кўрикка таклиф қилишди. Мен февраль ойида бир ҳафта “Монако” сафида машғулотларда қатнашдим. Улар эса менга июнда қайтиб келишимни тайинлашди. Июнь ойида мен улар билан 5 йиллик шартнома имзоладим. Орзуларим ушалган эди.

- 24 ёшингизда “Лион” сафига ўтишингиздан олдин “Лилл” ва “Монако” клубларида ўйнагансиз. Бу жамоалар сизнинг болаликдаги ишқибозлик қиладиган жамоаларингизмиди?

- Мен ёшлигимдан Лион шаҳрида катта бўлдим. Шу сабаб мен айнан шу жамоа мухлиси эдим. Баьзан стадионга борардим. Чипталар жуда қиммат эди. Кўпгина қўшни оиладагиларнинг бунга қурби етмасди. Баъзан бизга клуб маъмурияти томонидан чипталар тарқатиларди. Людовик Жюли “Барселона”га ўтиб порлагунча “Лион”да энг яхши футболчи эди. Мен ҳам у билан бирга ўйнаш учун “Лион” раҳбариятига кўп бора мурожаат қилдим. Лекин ҳар доим сен “қора танли”сан деган бир хил жавоб олардим. Улар бу гапни бир йилда 4-5 марта айтишарди. Шундай экан мен бошқа жамоа топишим керак эди.

- Сизнинг “Лион” сафида собиқ жамоангиз “Лилл”га урган голингиздан кейин ота-онангиз турмиш қуришгани ростми?

- Ҳа, бу рост. Мен уларга агар гол урсам турмуш қуришлари лозимлигини айтгандим. Буни 4-5 йил давомида айтиб келдим, чунки гол уришга муваффақ бўлолмаётгандим. Ниҳоят улар турмуш қуришди ва бундан жуда мамнунлар деб ўйлайман.

- Сиз “Лион”да ўйнаган уч мавсумнинг уччаласида ҳам жамоангиз мамлакат чемпиони бўлди. Сизнингча, “Лион” клуби Чемпионлар Лигасида яхшироқ натижага эришиши мумкин эдими?

- Бунинг жуда кўп сабаблари бор. Ҳа, чиндан ҳам Лион Европадаги кучли жамоалардан бири эди. Йилдан йилга ўйинини кучайтираётган эди. Лекин биз ҳар гал биздан кўра кучлироқ, бойроқ ва тажрибалироқ жамоаларга дуч келардик. Агар бизда яхши ҳужумчи бўлганда ҳаммаси бошқачароқ бўлармиди? 2008 йилда “Лион” чемпионликни қўлга киритганда бизда Карим Бензема бор эди. Агар кучлиларни ютишни истасанг сенга кучли футболчилар керак.

- Интернет нашрларида “Барселона” жамоасига ўтишдан олдин раҳбариятга бу трансфер амалга ошмаса машғулотларга келмаслигингизни айтган экансиз. Бу ишдан афсусланмайсизми?

- Йўқ, бу бўлмаган гап. Мен жамоа президенти ва вице президентига қўнғироқ қилиб “Бароселона”га ўтишни жудаям исташимни айтдим. “Барселона” менга қизиқмоқда ва бу масалани ҳал қилишинггизни сўрайман дедим. Шу пайтлари мен рафиқам билан Барселонада таътилда эдим. Францияга қайтишда менга телефон қилиб кетишга шошилмаслигим ва жамоалар ўзаро келишувга эришганлиги сабабли “Барселона” билан шартнома имзолашим кераклигини айтишди. Мен зудлик билан аеропорт хизматига телефон қилиб юкларимни қайтариб юборишларини сўрадим. Улар бу нарсага одатланишмаганди. Бироқ, менинг барча кийимларим юкларим орасида эди. Ниҳоят, аеропорт ходимлари менинг илтимосимни қондиришди. Чунки улар “Барселона”га ёрдам беришни исташарди.

- “Барселона”да ўйнаган кезларингизда сизга мураббийлик қилган Франк Райкард ва Пеп Гвардиола орасида қандай фарқларни кўрдингиз?

- Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби ва тактикалари бор. Райкард бу жамоада жуда яхши натижаларга эришди. Ла Лига ва ЕЧЛда ғолиб чиқди. Шуни унутмаслик керакки шундан кейин фақат икки жамоагина требл қила олди. Гвардиола бошқа дунё. Эндигина футболчиликни якунлаган Пеп жамоага янгича футбол олиб кирди. У доимо “тўп билан ўйна, узат, узат, узат, узат, тегиб қўй, тегиб қўй, тегиб қўй,” тегиб қўй ва охирги 30 ярдда ўзгариш қил” дерди. Гвардиола қаттиқ ишларди. Боз устига биринчи мавсумидаёқ барча кубокларни ютишида омади ҳам келганди. Баъзан айнан шу омад сизга керак бўлади.

- Пеп муваффақиятларининг сири нимада? Ўйинчиларда ишонч уйғота олганидами ёки турли-туман тактикаларида? Унинг кайфияти тушган ҳолда кўрганмидингиз?

- Албатта унинг жаҳли чиққанини кўрганман. Бу ҳар бир мураббийда бўлади. “Расинг Сантандер”га қарши илк уй учрашувидан кейин кийиниш хонасида йиғилиш қилди. Биз бунгача “Нумансия”га қарши сафар ўйинида ютқазиб бўлувдик ва аксига олиб “Камп Ноу”да ўша куни дуранг ўйнадик. Гвардиола “Йигитлар, ўтган мавсумда қаттиқ ишладинггиз, лекин Ла Лига ва Чемпионлар лигасини ютишни истасанггиз айтганларимни қилишинггиз керак” деди. Шундан кейин жамоа у айтгандек ўйнади. Бошида унда муаммолар бўлаётганди. Футболчилар ўзлари истагандек ўйнашни хоҳлашарди. Шу суҳбатдан кейин унинг айтганини қилишни бошлашди. Ҳаммаси ўзгарди. Кейинги турда “Спортинг Хихон”ни сафарда 6-1 ҳисобида ютдик. Пеп қаттиқ ишларди. Ҳар куни эрталаб 8 дан кечқурунги 8 гача ишда эди. У машғулотлар базасида ёш жамоаларни кузатарди. У янги-янги тактикаларни ўйлаб топарди. Унинг энг муваффақиятларининг сири шунда эди.

- Фақат пас бериш орқали ўйнайдиган жамоада ҳимоячи бўлиш зерикарли эмасми? Концентрация йўқотиб қўйилмайдими?

- Асло. Бу жамоада ҳимоячи бўлиш нафақат тўп билан балки тўпсиз ҳам ҳаракатланишинг керак деганидир. Бу доимо бўлиб келган. “Барселона” ҳимоячиси бўлганингда асло ухлаб қолмайсан, сен ҳужумнинг бир қисмисан ва доимо ҳаракатда бўлишинг керак.

-  “Барса” сафидаги энг яхши ўйинингиз қайси? 2010 йилги “Реал” устидан қозонилган 5-0 ҳисобидаги ғалабами?

- “Реал Мадрид”га қарши кечган 5-0 ва 6-2 ҳисобидаги ғалабалар. Бу жамоага гол уришнинг ўзи бўлмайди-ю, лекин бундай йирик ҳисобдаги ғалабалар жуда ажойиб. “Бернабеу”да 6 марта гол уришни тасаввур қила оласизми? Гвардиола “Реал”га қарши ўйинларда жуда муҳим шахс эди. Биз улар билан 2011 йилги Copa del Rey финалида ўйнадик ва қўшимча дақида Роналду киритган голдан кейин мағлуб бўлдик. Ўйиндан кейин эса келиб “бу менинг хатойим, мен тактикани ўзгартирмоқчи эдим, лекин адашибман” деди. “Нимаики содир бўлган бўлса буни эсдан чиқаринглар, ҳали олдинда улар билан ЕЧЛда икки ўйинимиз бор” деди. “Биз тактикани ўзгартирамиз ва нима бўлишини кўрамиз” деб айтди. Шундан кейин у дарҳол тактикани ўзгартирди. Пеп ҳимоячиларга мадридликлар қарши ҳужумга ўтиш эҳтимолидан майдон марказини кесиб ўтмасликни тайинлади. Ҳатто Дани Алвес ҳам жойида қолди. Бускетс эса мендан сал олдинроқда ўйнади. Якунда биз 3-1 ҳисобида ғалаба қозондик. Пеп кутилмаган ўзгаришлар қиларди. Бир гал классико олдидан у мен билан Валдесни ёнига чақириб Валдес тўпни Абидалга ошир, биз шу ердан ҳужум қиламиз. Чунки Роналдо ҳимояга югурмайди деди. Биз у айтгандек қилдик ва якунда ғалаба қозондик.

- Сиз ва Дани Алвес қадрдон дўстларсиз. Тез-тез кўришиб турасизларми? Яна қайси футболчилар билан дўстсизлар?

- Футболда жуда кўп дўстларим бор. Менинг қизларим ҳам Данининг фарзандлари ўқийдиган мактабга боришади. У билан тез-тез кўришиб турамиз. Касал пайтимда айнан у менга ўз жигарини таклиф қилган эди. У жуда жиддий гапирганди. Лекин мен бу таклифни қабул қила олмасдим. Ҳозирги футболчилар билан ҳам дўстмиз. Лекин уларни ҳадеб безовта қилгим келмайди. Мен Пуйол, Сейду Кейта, Бензема, Рибери ва бошқалар билан дўстман.

- Месси билан бўлган бирон-бир қизиқарли воқеани айта оласизми?

- Машғулотлардан бирида у Пинто дарвозасига пеналти тепишни машқ қиларди. Ҳар зарбадан олдин у қаерга тепишини Пинтога айтди. Лекин Пинто бунга эътибор бермади. Месси эса 10 зарбанинг барчасини ўзи айтган тарафга тепиб гол урди. Ҳамма қотиб-қотиб кулди.

- 2011 йил мартда сизга жигарингиз олиб ташлаш кераклигини айтишганда яна футбол ўйнай оламан деб ўйлаганмисиз?

- Худди шундай. Футболга қайтиш менинг бош мақсадим эди. Қайтолмасам керак деб ўйламаганман. Бош мақсадим тузалиб, футболга қайтиш бўлган. Қийин дамлар эди. Ёнимда менга ёрдам беришни истаган жуда кўпчилик бор эди. Оилам, дўстларим, шифокорлар... Мен жуда тез қайтдим. Кейинроқ жуда қийин операцияни бошдан кечирдим. Бу гал жигарни кўчириб ўтказиш операцияси эди. Донор эса жияним эди. 42 кунимни касалхонада ўтказдим. Куч-қувватим кетди. 2 йилдан кейин клуб президенти менга буни уддалай олмасанг керак деб ўйлагандим деди. Ҳамма мени қайта олмайди дерди. Лекин мен қайтдим. Худо менга касалликдан тузалиб яна футболга қайтиб, ушбу жамғармани ташкил қилишга қувват берди. (Абидал Eric Abidal Foundation хайрия жамғармаси ташкил этган – тарж. )

- 2011 йилги ЕЧЛ финалидаги туйғуларингизни тасвирлаб бера оласизми?

- 2009 йилги финални ўтказиб юборганимдан кейин бу яна бир имконият эди. Ҳайратланарли воқеалар шу ерда бўлди.  Пуйолнинг ҳолати яхши ва менинг захирада қолишим аниқ эди. Барчаси учун Гвардиоладан миннатдорман. Менга сардорлик боғичини беришди ва “Уэмбли”да мен ғолиблик кубогини кўтардим. Докторлар ҳам спортга қайтишимга ишонишмаганди. Лекин бунинг уддасидан чиқдим.

- Жигар кўчириб ўтказиш операциясидан бир йил ўтиб 2013 йил 6 апрелда “Малёрка”га қарши “Камп Ноу”да кечган илк учрашувингиздаги ҳиссиётларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Ўша ўйин мени ўйиним эмас, балки оилам учун, мени қўллаб қувватлаганлар учун эди. Мен уларсиз қайтолмаган бўлардим. Бу сафаргиси биринчисидан анча мушкул бўлганди.

- Жиддий касалликдан сўнг, касаллик сизни ўйинингизга қанчалик таъсир қилди, майдонда ўзингизни кўрсатишда камчиликлар юзага келдими?

- Йўқ. Мен шунчаки футбол ўйнаш учун футбол ўйнамадим. Агар сенда шунақа тушунча бўлса, унда уйда ўтирганинг маъқул. Мен ҳар доим курашувчан спортчи бўлганман. Бу мен учун ўйинданам ортиғи дегани. Аммо, албатта саратон сени ўзгартираркан. У мени ҳаётимни ўзгартирди. У сабаб мен янаям яхши шахсга айландим. Мен нима муҳим эканлигини ва ҳаётимнинг ҳар лаҳзасидан роҳатланишни ҳоҳлашимни тушуниб етдим.

 - “Барселона” жамоаси бетоб вақтингизда сиз учун тўлов амалга оширгани ёки амалга оширмагани борасида бир қатор баҳс-мунозаралар бор. Шу ҳолатга ойдинлик кирита оласизми? Агар улар бу ишни қилишмаган бўлса, улар бу ишни қилиши керак эди деб ўйлайсизми? 

- Гап пул пулда эмас. Лекин тушунмаган жойим клубни тарк этаётганимда бўлди. “Барселона” учун шунча курашдим. Балки, менга яна бир йиллик шартнома таклиф қилишлари керакмиди? Тағин, билмадим. Бу уларнинг қарори эди ва мен уни қабул қилишим керак эди. Улар менга бу профессионаллик юзасидан қилинган қарор бўлди дейишди. Бу билан мени ва оиламни қийин аҳволга қўйишди. Менга профессионал қандай бўлишини тушунтиришлари керак эди. Чунки мендан бошқа профессионал йўқ эди.

- “Барса”дан кейин сизга бошқа жамоалардан таклифлар бўлдими? Сизни “Ливерпуль” ва “Арсенал” ўз сафида кўрмоқчи эди деган гаплар юрганди?

- “Барселона”дан кетганимдан кейин менга Англиядан таклиф бўлмади. Тўғри, “Лион”да ўйнаб юрганимда мени “Ливерпул”га таклиф этишган. “Лион”даги мураббийим Жерар Улье менга “Ливерпул”га ўтишни маслаҳат берганди. Лекин мен ўшанда “Барселона”ни танлагандим. Эҳтимол, “Барселона”дан кетганимдан кейин менга Англиядан таклифлар бўлганда у ерда ўйнаб кета олардим. Чунки табиатимдаги курашувчанлик бунга имкон берарди.

- 2006 йилги ЖЧ финалида Зиданнинг Матерацига “калла қўйгани”даги реакциянгиз қанақа бўлди? Ўйинчилар уни талаб-ташлашмадими?

- Эслаганим у ўйиндан кейин кийиниш хонасига келиб ҳаммадан узр сўради. Калла қўйганини кўролмадим. Мен бу пайтда ҳимоя ҳақида ўйлаётгандим. Биз ўн киши бўлиб ҳам ғолиб чиқишимизга ишонардик. Лекин пенальтилар сериясида ютқаздик.

- Сиз ўша баҳсдаги пенальтилар сериясида учинчи пеналтини тепдингиз. Ўшанда гол ура олишингизга ишонганмисиз?

- Пеналти дегани элликка-эллик имконият дегани. Ўшанда мен мураббийга пенальти тепмоқчи эканимни айтдим. Гол уришимга шубҳаланмасдим. Кимлигини айтмайман, айрим футболчилар мураббийга агар пенальтини Абидал тепса гол уролмайди ва ютқазамиз деган. Улар бу гапни жиддий айтишганди. Футболда жиддий вазиятлар бўлади. Босим қанча юқори бўлса шунча яхши. 4-0 ҳисобида ютаётганингда пенальтидан гол уриш қийин эмас. Лекин Жаҳон чемпионати финали бундай эмас. Фақат журъати етган футболчилар бу ишни қила олади. Менда ўша журъат бор эди. Шу сабаб қўрқмадим.

- 2010 йилги Жаҳон чемпиоанати вақтида жамоадаги муҳит қанақа эди?

- Бош мураббий ва федерация Николай Анелькани ортга қайтариб юборгандан кейин муҳит жуда ёмонлашди. Шундан кейин барчамизга қийин бўлди.

- Бир гал ҳимоячи сифатида рақибни қутуртириш мақсадингиз эканини айтгандингиз. Қайси футболчига нисбатан бу ишни яхши эпладим деб ўйлайсиз?

- 2004 йилги “Лион” ва “Манчестар Юнайтед” ўйинидаги Криштиано Роналду. Ўшанда у қанотларни ўзгартиришга мажбур бўлганди. Жамоадошларим менга Роналду жуда яхши ўйнайди, ундан эҳтиёт бўл дейишди. Мен уларга хавотирланманглар дедим. Роналду қанотларни алмаштирганда эса “Эҳ, омадсиз-а!” деб қўйдим.

- Энди нима иш билан шуғулланасиз? Фаолиятингизни якунлагач сизга “Барселона” академиясида иш таклиф қилишганди. Ҳалиям бу таклиф ўз кучидами?

- Ҳозир менинг ташкилотим мен учун энг муҳим нарса. Ҳозирда УЕФАда спорт директорлиги курсларида ўқияпман.

1460811257
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар