Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Мураббий бўлиш – футболчи бўлишдан мушкул. Майдонда сен тўпни назорат қиласан, майдон четида эса одамларни.

(Валерий Лобановский)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Шавкат Имомов: Бизнинг мураббийлар тил билишмайди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан футболнинг барча бўғини изчил равишда ривожлантириляпти. Масалан, мураббийлар борасида ҳам охирги пайтларда эътиборга молик ўзгариш ва ислоҳотлар қилинмоқда. Чунки футболчини чинакам футболчи бўлиб етишиши аввало мураббийга, унинг билим ва салоҳиятига боғлиқ. Шу мақсадда ЎФА аввало мураббийларнинг малакасини оширишга жиддий қарамоқда. Дастлаб болалар футболида ишлаётган мураббийларнинг тажрибаларини янада ривожлантириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. ЎФАда мураббийлар қўмитаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Шавкат Имомов вилоятларда бўлиб, у ердаги болалар футболида меҳнат қилаётган мураббийларни саралаб, имтиҳонлар ўтказмоқда ва бунга асосан ЎФА талабига жавоб берадиганлари ўз иш фаолиятини давом эттиришяпти. Аксинча, қуруқ мураббий номи билан юрганлар билан эса хайрлашиляпти. Яқинда SPORTS.uz муҳбири Шавкат Имомов билан учрашиб, соҳага тааллуқли бир қатор масалалар юзасидан фикр алмашди.

- Май, июн ва июль ойларида барча вилоятларда мураббийлар учун семинарлар уюштирганмиз ва бу жараёнда ҳамма мураббийлардан назарий ҳамда амалий имтиҳонларни қабул қилганмиз, - дея гап бошлади Имомов. - Мақсадимиз шуки, мазкур ҳаракатларимиз бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб келаётган барча болалар мураббийларининг салоҳиятини ва даражасини билиш учун қилинмоқда. Иккинчи мақсадимиз футболимиз талабларига жавоб бера оладиган мураббийларни қолдириб, уларни тарбиялаш, қайта ўқитиш ва малакасини давом эттириш лозим. Бизнинг талабларга умуман жавоб бера олмайдиган мураббийлар билан хайрлашяпмиз. Вазиятга реал қарасак, нотўғри ишлагандан ишламаган яхши. Чунки битта мураббийнинг қўл остида кўплаб футболчилар бўлади ва аввало мураббий тарбияга жавоб берадиган шахс ҳисобланади. Нотўғри йўналишда ишлаб, эртага болани чала тарбиялаб қўйиши мумкин. Уларнинг ўрнига биз яна янги мураббий бўлишни истаганларни тарбиялаб, уларни бир-икки йил ичида мураббийлик салоҳиятини оширишга ёрдам берамиз. Дастлабки босқичда имтиҳонларни яхши топширган мураббийларимиз ҳам бўлди. Қайсидир мураббийлар умуман ўта олишмади. Яна айримларининг ҳолати 50х50 бўлиб қолди. Агар ўшаларга яна нимадир бериб, тўғри йўналтира олсак, кейинги имтиҳонлардан ўта олишлари мумкин. Мана шундай мураббийларга биз икки ойлик муддат бергандик. Орадан вақт ўтгач, уларда ўзгариш борми ёки йўқлигини текширишимизни олдиндан айтганмиз. Мана, ўша икки ой синов муддати ҳам ўтиб кетди. Навбатдаги қайта имтиҳонни дастлаб Қашқадарёдан бошладик. Кейин Сурхондарёга бордик. Жиззах билан Сирдарё Тошкентга яқинлиги учун у ердаги мураббийлар пойтахтга келишди. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги мураббийлардан ҳам қайта имтиҳонлар олинди. Кейин эса водийда бўлдик.

- Ҳозирги кунда ўзбек мураббийларининг билим ва салоҳиятини қай даражада деб ўйлайсиз?

- Бунга атрофлича ёндашиш мумкин. Масалан, биздаги мураббийлар қайси мамлакатдаги ҳамкасблари билан рақобатлаша олишлари мумкин? Агар Марказий Осиё футбол ассоциацияси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Эрон ҳамда ўзбек мураббийлари кучли. Аслини олганда, бизда ҳам ўз устида ишлайдиган яхши мутахассислар бор. Шу билан бирга профессионал футбол ўйнаб, ажойиб мураббий бўлиб етишганлари ҳам йўқ эмас. Тўғри, про-лига ёки Суперлигада айрим мураббийлар борки, уларни кимдир ортидан йўлаб туриши керак. Бунисини энди ўзбекчиликда деб қўямиз. Лекин бир нарсани тушунимиз керакки, профессионал ва оддий мураббийлар бор. Мисол учун болалар ва ўсмирлар футболида ишлайдиган мураббийларни профессионал мураббийлар билан солиштириш нотўғри. Чунки уларнинг иш фаолияти турлича.

- Ўзимизнинг мураббийларга кўпроқ эътибор қаратилиб, имконият берилса, улар ҳам ўзларини кўрсата оладилар. Қайсидир мураббий бирор-бир вазиятга тушмагунча ўша ҳолатни билмайди. Масалан, про-лигада ишламаган мураббий у ерда ишламагунга қадар ўша жойдаги вазиятни яхши билмайди. Худди шундай тарзда фаолияти давомида асосан про-лигада ишлаб, Суперлигада фаолият кўрсатмаган мураббий у ерда меҳнат қилмагунча ўша жойдаги муҳитни билмайди. Демоқчиманки, биринчи навбатда ўзимизнинг мураббийларга шароит яратиб, имконият бериш керак. Ана шундан кейин унга четдан туриб баҳо бериш мумкин. Имконият деганда бир йилдан уч йилгача бўлган даврни назарда тутяпман. Мураббий келгач, ҳамма нарса бирданига ўзгариб кетмайди. Негаки, ҳар бир мураббийнинг ишга ўз қараши, услуби бор. Ҳамма мураббийнинг бир-биридан фарқи бор. Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилаётган Эктор Купер дунёдаги топ-мураббийлар қаторига киради. Лекин ҳамма ҳам бир хил эмас. Масалан кимнидир хорижлик бўлгани учун албатта ўзимизда ишлатишимиз керак дегани эмас. Биз четдан чиндан ҳам мутахассис олиб келмоқчимизми? Унда албатта топ-савиядаги мураббийни олиб келишимиз керак. Нимага? Бошқа мураббийлар ва биз унинг ишини кўрамиз ва ўзимизга нимадир олишимиз лозим. Яъни, унинг келиши ўзбек футболи манфаати учун хизмати қилиш даркор. Биз бошқа давлатлардаги кўплаб мураббийларни биламиз ва уларга ишимиз ҳам тушган, ўзаро алоқаларимиз бор. Шундай мутахассислар борки, уларнинг мақсади бошқа. Яъни, Осиё деганда улар кўпроқ пул топишни ўйлашади. Зўр мураббийлар кам демоқчи эмасман. Шунчаки, топ-мураббийларнинг Европада ўз ўрни бор. Шунга яраша уларнинг харидорлари кўп. Улар аввало мураббийнинг ишига, натижасига қарашади. Сўнгра, унинг юриш-туришига, инсонийлик қадриятларига ҳам кўп эътибор беришади. Агар яхши мутахассис бўлса, ҳеч қачон Европадан ташқарига чиқиб кетмайди. Европада ўз жойини топа олмаганлар – булар топ-мураббийлар эмас. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Айтмоқчиманки, у ерда жойини топа олмаганлар кейин Осиёга келишади. Тўғри, қитъамизга келаётган мураббийлар орасида яхшилари ҳам бор. Аммо аксарияти фақат пулни ўйлашади.

- Нима учун ўзбек мураббийлари четга чиқиб ишлашмайди?

- Бунинг учун катта муаммо бор. Биласизми, нима? Биздагилар тилни билишмайди. Фақатгина бармоқ билан саналадиган мураббийларгина қайсидир даражада тилни билишлари мумкин холос. Ҳали бу ҳам уларни инглиз тилини яхши билади дегани эмас. Эртага сизни четдан кимдир таклиф қилмоқчи бўлса, таржимон керак бўлади. Унга эса пул тўлаш керак. Ўша клуб учун эса бу ортиқча чиқим ҳисобланади. Агар мураббий тилни билса бу бошқа гап. Мураббий ишини биладию, аммо тилни билмайди. Осиёда ишлаш учун тилни билиш керак. Европага чиқаман деса ҳам барибир тил билмаса қийин.

- Шунингдек, мураббийларимизнинг агентлар билан ишлаш тизими ҳам ҳали такомиллашмаган. Сизнингча, бунинг зарурати борми? Ҳар холда бу реклама бўлармиди...

- Энг яхши реклама – бу ишлаган жойидаги натижасидир. Мураббийнинг иш услуби қанақа, қандай йўналишда ишлайди? Шу каби жиҳатларга эътибор беришади. Хўп, у Суперлигада анча ишлаган. Аммо қандай натижа кўрсатган? Ҳаммаси натижасига қаралади. Европада агентлар ва скаутлар кучли ишлашади. Улар мураббийни ҳар томонлама ўрганиб чиқишади. Боя айтганимдек, мураббийларимизнинг тил билмаслиги – бу катта муаммо.

- Шундай экан, ассоциация томонидан мураббийларимизга қўшимча инглиз тилини ҳам ўрганиш талаби қўйилса бўлмайдими?

- Гапингизни тушундим. Хабарингиз бўлса, бу йилдан мураббийларни тайёрлаш тизими янада такомиллаштириляпти. Энди бундан бу ёғига мураббийларнинг ўқув курсларига инглиз тили дарсини қўшяпмиз ва охирида ушбу тил бўйича мураббийлардан имтиҳон қабул қиламиз. Футболни ўз термин сўзлари бор ва айнан шулар бўйича мураббийларнинг инглиз тили бўйича имтиҳон қиламиз.

- Яна мураббийларимизга тааллуқли бўлган қандай ўзгариш ва янгиликларни айта оласиз?

- Боя айтганимдек, тизимни ўзгартиряпмиз. Ҳозирда бутун Осиёда Европадаги тизимга ўхшаш тизим яратиляпти. 23 октябрь куни Тошкентда ОФКнинг “А” лицензияси учун курсни ташкил қилдик ва бу 28 кун давом этади. Айтишим лозимки, бу олдинги тизим бўйича охирги курс ҳисобланади. Янги йилдан эса ОФК билан келишувга кўра Европа андозаси асосида ўқишлар ташкил этилади. Энди ўқув курслари 28 кун давомида ҳар куни ўтилмайди. Биз семинарларни 4 та модулга бўлиб чиқамиз. Масалан, дастлаб 6 кун ўқийди ва мураббийларга вазифаларни берамиз. Бир ой давомида ҳаммаси ўз иш жойларида ишлашади ва шу аснода берилган вазифаларни ҳам бажариб боришади. Бир ойдан кейин уларни яна чақирамиз ва 6 кун ўқитамиз. Ўшанда уларнинг бир ой ичида қилган ишларини кўрамиз. Шундан кейин уларни яна бир ойга қўйиб юбориб, вазифалар берамиз. Олдин ўқиш бирданига 28 кун ичида ўтиб кетган бўлса, эндиликда ушбу ўқиш 4 ёки 5 ойга чўзилади. Бу мураббийга ҳам қулай бўлади. Берилаётган янги маълумотлар, тактикалар ва қўлланмаларни мураббийга қабул қилиши осонроқ бўлади. Ўқитувчиликда шундай принцип бор: оддийдан мукаммалликка ўтилади. Бизда ҳам худда шундай тизим яратиляпти. Бундай ўқув жараёнлари мураббийнинг эффектини босқичма-босқич юқори даражага олиб чиқади. Албатта, мураббийларимизнинг ушбу тизимга мослашиши учун вақт керак. Насиб қилса, бир-икки йилдан кейин бунинг мевасини кўришни бошлаймиз. Бундан ташқари, мураббийларимизни Европанинг кучли чемпионатларига малака оширишга юборишни ҳам ўйлаб қўйганмиз ва ҳозирда бу борада ишлар олиб бориляпти. Янги йилдан кейинги профессионал ўқув курсларининг 3-модулида малака ошириш лозим бўлади. Бу март ойидан апрелгача давом этади. Уларга амалиёт бўлиши учун Европага олиб чиқиб, жамоаларнинг машғулот жараёнларини кўриб таҳлил қилишади. Жойида ўйинларини кузатишади. Шундан кейин Осиёнинг кучли чемпионатларида ҳам амалиёт ўтказишни мақсад қилганмиз. Япония, Жанубий Корея, Австралия ёки Хитой чемпионатларидан бирига юборишни ҳам мўлжаллаганмиз.

- Чемпионатимизда хориждан келган мураббийлар ҳам бор. Масалан, Шота Арвеладзе ва Андрей Канчельскисни айтишимиз мумкин. Бундай мутахассислар ўзбек футболи учун нима бера олишади?

- Арвеладзенинг ишини кўряпмиз. У Европа футболида ишлаган. Аста-секин ўша ердаги тизимни бизга олиб киряпти. Аммо унинг қўл остидаги футболчилар бир кунда ўзгариб қолишмайди. Бунга вақт керак. Кимдир Арвеладзе нима қилди ёки фақат катта пул оляпти деб гапириши мумкин. Аммо у яхши ишлаяпти. “Пахтакор”да жамоани тайёрлаш тизими анчагина ўзгарган. Канчельскиснинг ишини эса ҳали кўрганимиз йўқ. Ўз ўрнида шуни айтмоқчиманки, Ноябрь ва декабрь ойларида олдинги курсларимизда ўқиган мураббийларимизнинг билимларини янгилаш мақсадида курсларни ташкиллаштирамиз. Ушбу курсга Суперлигадаги мураббийларни ҳам таклиф қилмоқчимиз ва шу билан бирга Эктор Куперни ҳам ушбу курсларимизга жалб қилмоқчимиз. Бундан мақсадимиз нима? Купер терма жамоамизни тайёрлаётган тизимини ўзимизнинг мураббийларимизга ҳам тушунтириб беради. Яқинда Купер матбуот анжуманида футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига қарамаймиз, чунки улар ўз клубларида тайёрланиб келишади. Биз фақат тактика томондан ишлаб, жамоавий ўйинни йўлга қўямиз деб айтганди. Шу боис унинг йўналишини ўзимизнинг мураббийларга ҳам тушунтирамиз. Терма жамоаларимиз ва клубларимиз битта тизимда ишлашлари керак. Ана шундай эффект бўлади.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

1540963303
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар