Натижалар

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Сиз қачонки тўпни назорат қилаётган бўлсангиз, билингки, сиз ўйинни назорат қиляпсиз (Пеле)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Илҳом Мўминжонов: «Кучли рақибни мағлубиятга учрата олдик»

Pepsi Суперлига 19-тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Пахтакор” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Илҳом Мўминжонов ва жамоа ҳимоячиси Дарко Станоевич иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Илҳом Мўминжонов (“Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи): - Ассалому алайкум! Бугунги ғалаба билан бугун стадионга ташриф буюрган 20 минг нафар мухлис, шунингдек, ўтган турда “Бунёдкор” билан ўтказилган сафардаги ўйинга борган барча ишқибозларимизни табриклаймиз. Бугун ушбу мухлисларнинг дуолари, қолаверса, шогирдларим кўрсатмаларимизни тўлиқ бажариб, агрессив футбол намойиш этиб, майдоннинг ҳар бир қарич ери учун кураш олиб боришгани учун чиройли ғалабага эришдик.

Биз мураббийлар штаби билан ўйиннинг кечишига қараб ва уни кучайтириш мақсадида захирадан футболчиларни сал кечроқ майдонга туширдик. Азизбек Турғунбоев жароҳат олганлиги боис, уни учрашувнинг 29-дақиқасидаёқ алмаштиришга мажбур бўлдик. Бу биз учун жиддий йўқотиш бўлди. Унинг жароҳати қандай даражада эканлиги ҳозирча номаълум. Эртага тиббий кўрикдан сўнг, унинг жароҳати қанчалик эканлиги маълум бўлади.

Бугун дарвозага Дилшод Ҳамроевни қўйганлигимиз ирим билан боғлиқ эмас. Акбар Тўраев тажрибали дарвозабон ва қаторасига 4та ўйинда дарвозамизни қўриқлади. Мазкур баҳсдан олдин Дилшод Ҳамроевнинг дарвозага туришга тайёр эканлигини сездик.

Дарвозабонлар мураббийлари Шавкат Абдухўжаев Ҳамроевнинг ўйинга тайёр эканлигини айтдилар ва шу сабабли, бугун дарвозамизни Дилшод қўриқлади. Энди кейинги ўйинда қайси посбон дарвозани қўриқлашини билмайман.

Бугун Ҳамроев ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлади ва “қуруқ” серия давом этса, яна у дарвозага туриши мумкин. Мураббийларда шундай одат бор.
Ботирали Эргашевнинг жароҳати бор. У келаси ҳафтадан U-23 ёшлар терма жамоаси йиғинига қўшилади. Ҳозир Эргашевнинг ҳолати яхши. Менимча, у Осиё Ўйинларидан кейин жамоамизга ёрдам беради.

Биз йигитлар билан мазкур учрашувга тайёргарлик жараёнида “Пахтакор” иштирокидаги ўйинларни кўриб, таҳлил қилиб чиқдик. Жамоанинг ожиз жойи йўқ. “Шерлар”нинг ҳар бир чизиғида кучли ва маҳоратли футболчилар йиғилишган. Шундай бўлса-да, биз шундай рақибни мағлубиятга учрата олдик.

Дарко Станоевич (“Навбаҳор” жамоаси ҳимоячиси): - Албатта, бугунги рақибимиз кучли ва айни пайтда турнир жадвали пешқадами эди. Биз бўлажак учрашувга шунга яраша тайёргарлик кўрдик ва якунда ғалаба қозондик. Менимча, мазкур учрашувни телевизор ва бевосита стадионда томоша қилган мухлисларга бугунги ўйин манзур келди.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати

1532835720
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар