Натижалар

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Динни, хотинни, машинани ва бошқа буюмларни алмаштириш мумкин, бироқ, севимли жамоани алмаштириб бўлмайди

(Эрик Кантона)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Суперлига - 2018 иштирокчилари маълум бўлди

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигасининг 2018 йилги мавсумдаги иштирокчилари номи маълум бўлди.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан Суперлигада иштирок этувчи футбол клублар олдига лицензиялаш бўйича маълум талаблар қўйилган эди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда ПФЛ томонидан мазкур талабларнинг бажарилиши ҳолатини ўрганиш юзасидан, ишчи гуруҳ ташкил этилиб, 2017 йилнинг ноябрь ойи охиридан бошлаб бугунги кунгача футбол клублари ҳамда унинг инфратузилмаси ўрнатилган тартибда 3 марта ўрганилди ва текширувдан ўтди. 

Текширув жараёнида асосий эътибор футбол клубларининг стадионлари ҳолати, у ерда яратилган шарт-шароитлар, аёллар ва мини-футбол жамоаларининг инфратузилмаси, футбол базаларидаги умумий ҳолатга қаратилди.

Такрорий ўрганишлар жараёнида Қувайсойнинг «Цементчи» ҳамда Муборакнинг «Машъал» клублари томонидан  Суперлигада иштирок этувчи футбол клублари олдига қўйилган талаблар тўлиқ бажарилмагани, мавжуд  муаммо ва камчиликлар бартараф этилмагани аниқланди. 

«Цементчи» футбол клубининг ўқув машғулот базаси, ётоқхонаси таъмирталаб экани, шунингдек футбол клуби ўзининг мактабига эга эмаслиги, футбол клубининг аёллар жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган стадион янги мавсумга тайёр эмаслиги аниқланди.

Шунингдек, «Машъал» футбол клубининг стадиони ҳам янги мавсумга умуман тайёр эмаслиги, футбол клубининг ўқув-машғулотлар базаси умуман талабга жавоб бермаслиги, футбол клуби мини футбол жамоаси инфратузилмаси янги мавсумга тайёр эмаслиги, футбол клубининг аёллар жамоаси учун ҳудудда умуман шароит мавжуд эмаслиги, футбол клубининг футбол мактаби ачинарли аҳволдалиги маълум бўлди. 

Уларнинг ўрнига, гарчи чемпионатни қуйи поғонада якунлаган бўлса ҳам, лицензиялаш бўйича талабларга жавоб берадиган Фарғонанинг «Нефтчи» ҳамда Жиззахнинг «Сўғдиёна» клублари Суперлига-2018 иштирокчилари қаторига қўшилди. Мазкур футбол клубларининг Суперлигада иштирок этиш учун белгиланган талабларни етарлича бажарганлиги инобатга олинди.

Ўзбекистон футбол федерацияси Ишчи гуруҳи аъзоларининг якуний хулосаси асосида Ўзбекистон футбол федерацияси Ижро Қўмитаси Бюросининг 24 январдаги 4-сонли Қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йилги мавсумда Суперлигада иштирок этувчи футбол клублари қўйидаги таркибда тасдиқланди: 

1. «Локомотив»
2. «Насаф»
3. «Бунёдкор»
4. «Пахтакор»
5. «Навбаҳор»
6. «Бухоро»
7. «Қўқон-1912»
8. «Олмалиқ»
9. «Металлург»
10. «Қизилқум»
11. «Сўғдиёна»
12. «Нефтчи»

Манба: the-uff.com

1516852197
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар