Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Мураббий бўлиш – футболчи бўлишдан мушкул. Майдонда сен тўпни назорат қиласан, майдон четида эса одамларни.

(Валерий Лобановский)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Ахбор Имомхўжаев: “ЎФФда авваллари ҳам ислоҳотлар бўлган, аммо бу галгиси...”

Ахбор Имомхўжаев: “ЎФФда авваллари ҳам ислоҳотлар бўлган, аммо бу галгиси...”

Ахбор Имомхўжаев: “ЎФФда авваллари ҳам ислоҳотлар бўлган, аммо бу галгиси...”

ЎФФ ҳамда ПФЛ томонидан олиб борилаётган янгича ишлаш тизимига,  амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабат билдираётган мутахассислар, мураббийлар ва футболчилар қаторида футболимиз фахрийлари ҳам борлиги қувонарли. Ўзбек футболи журналистикаси отахони, таниқли шархловчи, Республика тоифасидаги ҳакам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Ахбор Имомхўжаев ҳам ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

- Ўзбек футболини юз ёшда десак, шунинг ярми билан бирга умр кечираётганимдан, ярим асрдан бери юрт футболи билан бирга нафас олаётганимдан мамнунман. Футболимиз, айниқса, мустақиллик йилларида чинакам ўзлигини топди. Осиё ва Жаҳоннинг расмий мусобақаларида мустақил иштирок этар экан, ким аслида кимлигини, ўзбек футболи ҳам нималарга қодир эканлигини исботлаб келмоқда. Тўғри, миллий термамиз ҳали Жаҳон чемпионатининг финалига чиқа олгани йўқ, аммо “Мундиал” бизга бегона эмас. Ўсмирларимиз, ёшларимиз бир неча бор Жаҳон чемпионатининг “мазасини тотиб” кўришди, жаҳон оммаси шуурида илиқ таассурот қолдира олишди. Равшан Эрматов эса нафақат Осиё ёки МДҲ давлатлари орасида, балки бутун дунё бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқариш бўйича рекорд ўрнатди. Насиб қилса, энди навбат миллий термамизга ҳам келганга ўхшайди. Бундай дейишимга сабаб, янгиланган таркибдаги Ўзбекистон футбол федерациясида амалга оширилаётган ислоҳотлардир.

ЎФФда турли даврларда турли ўзгаришлар, ўзига хос ислоҳотлар қилинганлигига, футболимиз ривожига озми-кўпми таъсирини кўрсатганлигига гувоҳ бўлганман. Аммо бу галгиси барчасидан тубдан фарқ қилди. Оддий мисол, клубларнинг 16тадан 12тагача қисқартирилганлиги ва мусобақа ўтказиш тартибига ҳам жиддий, кескин ўзгартиришлар киритилганлиги. Буни чинакам равишда ишга профессионал ёндошиш сифатида қабул қилмоқ керак. Эътибор беринг, авваллари турнир жадвалида кимлар нечанчи ўринни эгаллаши ҳатто чемпионат бошиданоқ маълум бўларди. Жадвалда юқори ўринлардаги жамоалар билан қуйидагилар ўртасидаги ўйинда ким ютиши эмас, ҳатто натижа қандай кўринишда бўлиши, тўплар нечанчи дақиқаларда киритилишигача олдиндан “башорат” қилинарди. Эндичи, майдонда росмана жанг кетади. Ҳар бир жамоа ҳар бир очко учун жон олиб, жон беради. Энг ёмони, четдагилар эмас, балки жамоа раҳбарларининг ўзлари тотализар деган ўйинда маблағ топиш учун ўз футболчиларини мағлуб бўлишларини таъминлаганликларини энди-энди эшитяпмиз. Бу нима дегани, ундайларни нафақат футболдан ҳайдаш, балки жазолаш ҳам керак. ЎФФ манашу каби одатга айланиб бораётган чиркин ҳаракатларни ҳам фош қилаётганлиги, бу билан бошқаларни ҳам “кўзини очаётганлиги” қувонарли.   

Миллий терма жамоамиз нима учун Жаҳон чемпионатига чиқа олмаётганлигининг сабабларидан яна бири футболчиларимизнинг жисмоний жиҳатдан мукаммал эмаслигида эди. Мана энди ПФЛ томонидан ишлаб чиқилган Регламентга асосан улар ўз устиларида ишлашга мажбур бўлишади. Авваллари эндигина порлаган футболчи турли ёшдаги терма жамоаларга чақирилдими, тамом, у юлдузга айланарди. Ошна-оғайниси кўпаярди, чойхоналар бошланарди. Қарабсизки, машғулот иккинчи “планда” қоларди. Лекин асосий таркибда барибир майдонга тушаверарди, негаки у юлдуз эди-да. Менимча, энди буларнинг барига барҳам берилади. Футболчи ПФЛ томонидан тадбиқ этилаётган, халқаро талаблар доирасида ишлаб чиқилган нормативларни топширмагунча таркибга киритилмаслиги айни муддао бўлди.

Яна бир гап. Куни кеча ЎФФ сайтида ташкилот раҳбари Умид Аҳмаджоновнинг бир гуруҳ футболчиларни умрбод футболдан четлатгани ҳақида хабар эълон қилинди. Тушунаман, футболсиз қолган футболчиларга қийин бўлади. Лекин улар мисолида қанчадан-қанча қинғирликларнинг, ғирромликларнинг олди олинади. Ёшини кичрайтирган, хужжатларни  сохталаштирган футболчилар камми бизда, керак бўлса барча клубларда, ҳатто терма жамоаларда ҳам топиш мумкин. Бунда фақат футболчининг ўзи айбдорми, йўқ, унинг биринчи ё иккинчи мураббийлари, ҳатто ота-оналарида ҳам гап кўп. Келгусида шуларга ҳам эътибор берилса янада мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Манба: pfl.uz

1515482433
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар