Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Сиз қачонки тўпни назорат қилаётган бўлсангиз, билингки, сиз ўйинни назорат қиляпсиз (Пеле)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Жарима зарбалари устаси

Жарима зарбалари устаси

Жарима зарбалари устаси

Антонио Аугусто Рибейро Рейс Жуниор 1975 йил 30 январда туғилган. Уни Жуниньо Пернамбукано номи билан эслашади. Жарима тўпларини тепиш борасида уни барча даврларнинг энг яхши футболчиси сифатида санашади.

Фаолиятини “Ресиф Спорт” жамоасида бошлаган футболчи тезда ҳамманинг назарига тушади ва Бразилиянинг умидли футболчиларидан бирига айланади. 1995 йили эса “Васко да Гама” клубига қўшилади ва бу жамоа билан қатор совринларни қўлга киритади. Улар орасида 1997 ва 2000 йилги Бразилия чемпионлиги, 1998 йилги Либертадорес кубоги ғолиблиги, 200 йилги Копа Меркосур мусобақаси чемпионлиги ҳам бор. 2000 йили эса Ромарио, Эдмундо ва Жуниньо Паулиста каби номдор футболчилар тўп сураётган бир даврда Бразилиянинг энг яхши ярим ҳимоячиси деб тан олинади.

2001 йили эса Жуниньо омадини синаб кўриш мақсадида Францияга йўл олади. Жуниньо келгунига қадар “Олимпик Лион” клуби бирор марта ҳам Франция чемпиони бўлмаган эди. Клубга келган биринчи йилиёқ жамоаси мамлакат чемпиони бўлди ва бу унвонни яна кетма-кет етти йил давомида ҳеч кимга бермади.

Жарима тўпларининг моҳир ижрочиси ва ассистентлик қобилияти сабаб Жерар Улье томонидан жамоа сардори этиб тайинланади.

2009 йил 26 майда Жуниньо мавсум якунига етгач жамоани эркин агент сифатида тарк этишини маълум қилади. Бу матбуот анжуманида клуб президенти Жан-Мишель Аула ҳам бор эди. Аула журналистларга иккала томон келишуви асосида шартнома муддатидан бир йил олдин бекор қилинаётганлигини маълум қилади. Ауланинг қаршисида ўтирган Жуниньо бир оғиз сўз айтмасдан матбуот анжуманини тарк этади.

2009 йил 17 июнда Жуниньо Қатарнинг “Ал-Гарафа” клубига эркин агент сифатида қўшилади ва 2,5 миллион еврога икки йиллик шартнома имзолайди. Қатарликлар сафида 66 ўйинда майдонга тушиб 25 гол муаллифига айланади.

2011 йил 27 апрелда ўзининг қадрдон жамоаси “Васко да Гама” клубига келиб қўшилган футболчи ўзининг илк ўйинидаёқ “Коринтианс” дарвозасига жарима тўпидан гол киритади.

2012 йил 17 декабрда Жуниньо “Нью Йорк Ред Буллс” жамоаси билан шартнома имзолагани эълон қилинади.

2013 йил 11 июлда эса Жуниньо учинчи маротаба “Васко да Гама” клуби сафига келиб қўшилади. 21 июлда “Флуминенси” жамоаси устидан 3-1 ҳисобида ғалаба қозонилган учинчи дебют ўйинида битта гол ва голли пасга муаллифлик қилади.

1999 йили футболчи Бразилия терма жамоаси сафида дебют учрашувини ўтказади. 1999 йил 17 сентяб куни ўтказилган бу ўйинда Жуниньо бир куннинг ўзида икки давлатда ўйнаган футболчига айланади. Бразилия ва Аргентина ўртасидаги ўртоқлик учрашувининг иккинчи бўлимида у Бразилия сафида ҳаракат қилади. Учрашув бразилияликларнинг 4-2 ҳисобидаги ғалабаси билан тугайди. Учрашув якунига етгач дарҳол Монтьевидога учган футболчи Копа Меркосур мусобоқаси доирасида ўтказилаётган “Васко да Гама” ва “Насионал” жамоалари иштирокидаги ўйиннинг иккинчи бўлимигагина етиб келади.

Ажойиб ўйинларига қарамай Жуниньо 2004 йилги Копа Америка мусобоқасига борадиган таркибдан тушиб қолади. 2006 йилги мундиалдан кейин терма жамоадаги фаолияти якунланганлигини эълон қилади. У Бразилия терма жамоаси таркибида ҳаммаси бўлиб олтита гол муаллифи бўлган.

Жарима тўплари устаси бўлган Жуниньо “Олимпик Лион” сафида жарима тўпидан 44 голга муаллифлик қилади. ЕЧЛ доирасидаги ўйинлардан бирида “Барселона” дарвозасига жарима тўпидан киритган голидан кейин “Олимпик Лион” жамоасининг халқаро ўйинлардаги тўпурар футболчисига айланади (17 гол). Жаримадан йўлланган зарбаларининг кучидан ёки тезда йўналишини ўзгартиришидан рақиб дарвозабонлари кўпинча ожиз қолишарди. У жарима тўпини тепишга яқинлашганда ишқибозлар бу вазиятни пеналтига тенглаштиришарди. Илк маротаба жарима тўпи ижрочиси сифатида Европага Жуниньони танитган воқеа 2003-2004 йилги мавсумдаги ЕЧЛда “Бавария” дарвозабони Оливер Канн дарвозасига киритилган гол бўлди. Шу пайтлари немислар посбони дунёнинг энг яхши дарвозабони саналарди. Фаолияти давомида 4 марта 40 метрдан, 2006 йили “Аяччо”га қарши ўйинда 41 метрдан, 2007 йили “Барселона” дарвозасига 45 метдан гол киритган футболчи 2008 йили “Ница”га қарши кечган учрашувда 48 метрдан белгиланган жарима тўпини голга айлантиради.

Қуйида эса сиз унинг жарима тўпларидан киритган бир-биридан ажойиб голларини томоша қилишингиз мумкин бўлади.

 

Тилмочбек

1497797896
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар