Ҳамюртимиз Хитой чемпионатида ўйнайверади! Ёхуд Ислом Тўхтахўжаев клубидан кетмаганини маълум қилди

Ҳамюртимиз Хитой чемпионатида ўйнайверади! Ёхуд Ислом Тўхтахўжаев клубидан кетмаганини маълум қилди

Ҳамюртимиз Хитой чемпионатида ўйнайверади! Ёхуд Ислом Тўхтахўжаев клубидан кетмаганини маълум қилди

Тажрибали ҳимоячи бир қарорга келди.

Тажрибали ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев фаолиятида янги саҳифа очиш мақсадида клубини ўзгартирганидан хабарингиз бор. Шу кунгача асосан ўзимизнинг чемпионатда тўп суриб келган футболчи 2019 йилнинг 30 декабрь куни Хитой биринчи дивизион вакили “Шенянг Урбан” клуби билан шартнома имзолаганлиги расман эълон қилинганди. Натижада Тўхтахўжаевнинг “Локомотив”даги фаолияти тугаб, янги клубидаги ҳаёти бошланди деб ўйлагандик. Лекин кейинги воқеалар ривожи қандай тус олганини эндиликда ҳамма яхши билади.

Кўринмас ажал номи билан пайдо бўлган “Коронавирус” туфайли спортга ва хусусан футболга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Хитойда пайдо бўлган ушбу вирус сабабли дастлаб Хитой чемпионати номаълум муддатга қолдирилди. Оқибатда футболчилар мажбурий равишда танаффусга чиқишди. Масалан, Одил Аҳмедов вақтинчалик Наманганга келиб кетиб юрибди. Ислом Тўхтахўжаев эса қаерда? Охирги пайтларда ушбу ўйинчи ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Яъни, “Коронавирус” сабабли футболчимиз Хитой клубидан кетгани ҳақида ҳам гап-сўзлар қулоққа чалинди. Лекин ҳеч бир манбада Тўхтахўжаевнинг клубдан расман кетгани ҳақида хабар чиқмади. Ўз навбатида унинг юртимизда юрганидан фойдаланиб бошқа клубларга ўтиши мумкинлиги борасида ҳам хабарлар чиқди. Айтайлик, Тўхтахўжаевга “Навбаҳор” жиддий қизиққани тўғрисида эшитдик. Албатта, мажбурий равишда жамоасиз юрган ўйинчининг атрофида турли миш-миш ва гап-сўзлар тарқаши табиий. Балки чиндан ҳам Тўхтахўжаев кейинчалик “Шенянг Урбан” билан тузган шартномасини бекор қилиш ҳақида ўйлагандир. Бу борада футболчининг ўзи билан боғланиб вазиятга ойдинлик киритишга уриниб кўрдик. Аммо Ислом бу борада бироз кутиб туришимизни, вазият ўзгарса ўзи албатта алоқага чиқишини айтганди.

Дарҳақиқат, Тўхтахўжаев кутилмаганда юз берган бундай воқеалардан кейин вазият қандай тус олишини кутган ва шунга қараб иш кўришни ўйлаган бўлса ажаб эмас. Хуллас, ўқувчиларни Исломнинг кейинги тақдири қандай кечиши қизиқтираётганди. Юртимизда эса 7 март куни трансферлар ойнаси ёпилди. Кўпчилик эса ушбу ҳимоячининг ҳеч бўлмаганда ушбу санагача бирор-бир жамоамизда вақтинча ўйнаб туришини ҳам илгари суришаётганди. Бироқ Тўхтахўжаев хусусида ҳеч қандай хабар ёки янгилик чиқмади. Демак, бундай пайтда ўз-ўзидан унинг “Шенянг Урбан” билан тузилган шартномаси ўз кучида эканлигини билдиради, шундай эмасми? Футболчи вақт топиб биз билан боғланганида унга биринчи берган саволимиз “Шенянг Урбан”дан кетган ёки кетмаганлигига ойдинлик киритдик. Футболчи эса қисқача шундай деди: “Мен ҳали ҳам “Шенянг” клубининг аъзосиман!”. Шундан сўнг Тўхтахўжаев билан яна суҳбатни давом эттириб, яна бошқа масалаларга ҳам ойдинлик киритдик.

- “Локомотив” таркибида бир неча мавсум давомида барқарор ўйнаб, совринлар қўлга киритилишига катта ҳисса қўшдингиз. Аммо кўплаб етакчилар қаторида сиз ҳам у ердан кетдингиз. “Локо”нинг ўтган мавсумни совринсиз тугатгани кетишингизга асосий сабаб бўлдими?

- Умуман олганда, мен ўзимни четда синаб кўришни истагандим. Бор гап шу. Бундан бошқа сабаб йўқ.

- “Шенянг Урбан” клубига қачон қўшиласиз?

- Насиб қилса, шу кунларда машғулотлар бошланади. Ўз навбатида ушбу клуб билан шартнома имзолашимда менга юридик томондан ёрдам берган Санъат Шарипов ҳамда хитойлик Арон Ронгга ҳам раҳмат айтмоқчиман.

тухтахужаев

тухтахужаев

- Улар агентларингизми?

- Ҳа, иккаласи менга ёрдам беришди.

- Шунингдек, сизни яна “Локомотив”га қайтишингиз мумкинлиги ҳақида ҳам эшитгандик. Бу ростмиди?

- Йўқ, чунки мен Хитой клуби билан шартнома тузиб бўлгандим. Спорт формамни йўқотиб қўймаслик учун АГМК ва “Локомотив” жамоаларининг машғулотларида шуғулланиб турдим. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

- Янги клубингиз олдига қўйилган мақсад қандай?

- Биз Хитой Суперлигасига чиқиш учун курашамиз. Бу жамоамизнинг асосий мақсадига айланган.

- Умуман олганда, “Коронавирус” туфайли Хитойдаги легионер футболчиларда хадиксираш бор эди. Бу борада эса сиздаги вазият қандай эди?

- Шу сабабли ҳам мен икки ой давомида у ерга бормадим. Энди эса вазият аста-секин барқарорлашиб бормоқда. Шунинг учун жамоамизнинг машғулотлари ҳам бошланяпти.

- Бундай пайтда тушкунликка тушиб қолмадингизми? Боиси сизни шартномани бекор қилганингиз ҳақида ҳам эшитгандик...

- Йўқ, ҳаммаси яхшиликка дейишади-ку...

тухтахужаев2

тухтахужаев2

- Оила-аъзоларингиз сизнинг Хитойга йўл олишингизга ва у ердаги вазият бўйича қандай муносабатда бўлишди?

- Албатта, улар ҳам хавотирда бўлишди. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади.

- Лекин сизни Хитойга кетганингиздан хабар топганимизда аввалига Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоага қўшилса керак деб ўйлагандик. Чиндан ҳам сизга таклиф билан чиққанмиди?

- Таклиф йўқ эди. Лекин кўпчилик мени Бабаян жамоасига ўтади деб ўйлашган экан.

- Умуман, Хитой клубига ўтгач, собиқ мураббийингиз билан у ердаги чемпионат ҳақида мулоқот қилиш имконияти бўлдими?

- У ерга ўтишимдан олдин ҳам маслаҳатлашгандим. Ҳозир ҳам у билан доим алоқада бўлиб турибмиз.

- Ислом, янги жамоангиздаги футболчилар билан танишиш имкони бўлдими? У ердаги муҳит қандай экан?

- Йўқ, ҳали танишишга улгурмадим. Кўпчилик футболчилар ўзгарган. Таркибга янги йигитлар қўшилишган. Масалан, Конго, жанубий кореялик ўйинчилар келишган. Икки ой олдингига қараганда кўп футболчилар алмашган.

- Қизиқ, айнан Хитой чемпионатига кетишингизга асосий сабаб нима ёки ким туртки бўлди?

- Ҳаммаси оддий. Юқорида айтиб ўтганимдек, мен ўзимни четда синаб кўрмоқчи эдим, шу холос. Шунингдек, янги жамоамнинг ўз олдига қўйган мақсадлари ҳам ёқди. Шунинг учун бу жамоада тўп суришга рози бўлганман.

тўхтахўжаев2

тўхтахўжаев2

- Сизнингча, “Локомотив” ўтган мавсумда нима сабабдан совринсиз қолди деб ўйлайсиз?

- Шунчаки, ўтган йили “Пахтакор” жамоаси ҳар томонлама кучлилик қилди.

- Янги мавсумда собиқ жамоангизнинг имкониятини қандай баҳолайсиз? Таркибдан кўплаб етакчилар кетишди, устига-устак клуб Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқа олмади, плей-оффнинг илк раундидаёқ Тожикистон клубига ютқазиб ҳаммани ажаблантирди...

- Ҳа, ўша мағлубият мени ҳам ажаблантириб қўйди. Чунки “Локомотив”нинг Тожикистон жамоасига мағлуб бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Бир томондан қараганимизда “Локомотив”ни кўплаб ўйинчилар тарк этишди. Янги шакллантирилаётган жамоанинг эса илк расмий учрашувда ғалаба қозониши ҳам қийинроқ эди. Лекин мавсум давомида клуб ўз ўйинини маромига келтириб олади деб умид қиламан.

- Шунингдек, олимпия терма жамоамизнинг Олимпиада мусобақасига чиқа олмаганига қандай муносабат билдирасиз?

- Нимага чиқа олмаган бўлишимиз мумкин? Албатта, кучимиз етмаганлигидан! Футболчиларга эса эътироз йўқ, улар борларини бериб ўйнашди.

- “Локомотив” ва унинг мухлисларига қандай гапингиз бор?

- “Локомотив”ни ўз уйим десам ҳам бўлади. Ўз уйимни қандай соғинсам, “Локо”ни ҳам худди шундай соғинаман. Ўтган умримнинг 8 йилини ушбу жамоада ўтказдим. Ҳамма-ҳаммага: стадион ходимларидан тортиб жамоа раҳбарларигача раҳмат деб қоламан. Бу клуб ҳар доимгидек яна чемпионлик учун курашади деб дуо қиламиз ва бутун оиламиз билан мухлислик қиламиз.

 

Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

МУСОБАҚАЛАР

Facebook'даги саҳифамиз