"Динамо" ёки "Бухоро"...

"Динамо" ёки "Бухоро"...

Қизиқ, Суперлигани қайси жамоа тарк этаркин?

Навбатдаги миллий чемпионатимиз тугашига ҳам саноқли турлар қолди. Айни пайтда миллий терма жамоамизни олдинда муҳим учрашувлар кутиб тургани боис Суперлигада яна танаффус юзага келди. Яна барчанинг эътибори миллий термага қаратилмоқда. Ноябрь ойининг охирги ҳафтасида эса бира-тўла қолган учта тур баҳслари ўтказилади ва шу билан чемпионат баҳсларига якун ясалади. «Пахтакор»нинг чемпионликни қўлга киритгани анча аввал ҳал бўлиб улгурган. Энди қолган ўринлар учун кураш кечмоқда. Шунингдек, лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоалар ўртасидаги курашга ҳам эътибор қаратилади. Аслида эса бу ҳар йили юз берадиган ҳолат ва бу одат тусига кириб қолган. Бунгача Суперлигада қолиш учун курашаётган даъвогарлар сони бир нечтани ташкил қилиб келаётганди. Турдан-турга эса уларнинг сони қисқариб бораверди. Айни пайтга келиб Суперлигада қолиш учун асосий кураш «Динамо» билан «Бухоро» ўртасида кечиши ойдинлашиб қолмоқда. Боиси, Самарқанднинг «Динамо» клуби 18 очко билан охирги ўринда бўлса, «Бухоро» 19 очко билан 13-ўринда. 12-ўриндаги «Қизилқум»нинг ҳисобида эса 23 очко бор. Шундай экан, мавсум тугашига учта тур қолганини инобатга олсак, катта эҳтимол билан «Бухоро» ёки «Динамо» про-лигага равона бўлиши ҳақиқатга яқинроқдек…

Агамуродовнинг «Динамо» халоскорига айланиши қийин шекилли…

Яққол аутсайдер бўлиб турган «Динамо» иккинчи давра бошланганидан буён барча рақибларига ютқазиб келмоқда. Очиғи, мағлуб бўлавериб, бундан «чарчамадимикин» деб ўйланиб қоламиз. Клуб биринчи даврада яхши таассурот қолдирди ва бир қатор кутилмаган натижалари билан ажралиб турди. Гўёки, бошқаларнинг кўзига «чақилмас ёнғоқ»дек кўринди. «Динамо» худди эртак оламига тушиб қолгандек эди гўё…Ўшанда собиқ бош мураббий Даврон Файзиевнинг ўртамиёна, камтарона таркиб билан рақобатбардош жамоани шакллантира олгани ҳақида кўп гапирилганди. Чиндан ҳам самарқандликлар ҳаммани ҳайрон қолдира олганди. Шу сабабли «Динамо» ўзидан бир бош баланд сакрашга урингандек эди. Аммо иккинчи даврага келиб худдики ҳаммаси ўз измига тушгандек тасаввур уйғотмоқда.

агамуродов

агамуродов

Маълумки, мавсум бошида бу жамоа қўшимча имтиёз эвазига мавсум бошланишига яқин қолганда Суперлигага қўшилганди. Ўшанда кўпчилик уларни лигадан тушиб кетиш учун асосий даъвогарлардан бири сифатида тилга олишганди. Боя айтганимиздек, биринчи даврадаги кўрсатган ўйинлари ва қайд этган натижаларидан кейин уларга бўлган муносабат тубдан ўзгариб кетганди. Лекин ўшанда гўёки ўйиннинг биринчи бўлими тугаганди ва олдинда ҳали иккинчи бўлим турганди. Буни айнан «Динамо»нинг мисолида айтишимиз мумкинки, уларни олдиндан қийин ўтиши кутилаётган иккинчи давра кутиб турганди. Негадир ҳал қилувчи босқич арафасида ҳам ўша таркибга ишониб қолишди. Янги футболчилар ёрдамида жамоа кучайтирилмади. Оқибатда ҳали ҳам биринчи даврадаги 18 очко самарқандликлар учун охиргиси бўлиб турибди ва бу кетишда улар яна про-лигага равона бўлишларининг эҳтимоли катта. Орада эса Даврон Файзиев ишдан кетди ва ўрнига тажрибали Тачмурод Агамуродов таклиф қилинди. Шунга қарамай, жамоа натижалари ҳамон ўша-ўша, ҳеч нима ўзгаргани йўқ. Афтидан, унга жамоани ўнглаши қийин бўляпти шекилли. «Динамо»нинг охирги учта турдаги рақибларига эътибор қаратадиган бўлсак, 24-турда Бекободда «Металлург» билан куч  синашади. Сўнг ўз майдонида «Сурхон»ни қабул қилса, мавсумнинг охирги турида Қаршида «Насаф» меҳмони бўлади. «Динамо» эса Суперлигада қолиши учун учта ўйинда 100 фоизлик натижа кўрсатиши керак ва шунда ҳам улар «Бухоро»нинг қайд этадиган натижалари ҳам ҳисобга олинади.

Муҳаммадиев мағлубият учун яна баҳона топяпти…ми?

Тожикистонлик Муҳсин Муҳаммадиев «Бухоро»да иш бошлагач, унинг асосий вазифаси жамоани Суперлигада сақлаб қолиш эди. Ҳозирча унинг клубдаги ишларини силлиқ кечяпти деб айта олмаймиз. Улар «Динамо»дан фақат бир очко кўп тўплашган холос. Шу боис бухороликлар ҳам Суперлигадан тушиб кетиш хавфи остида турибди. Очиғин айтганда, тожикистонлик мутахассис жамоа ўйинида жиддий ўзгаришларни амалга ошира олди деб айта олмаймиз. Агар ниманидир ўзгартириб юборганида «Бухоро» ҳозир 13-ўринда бўлмасди. Бунинг устига Муҳаммадиев ютқазган ўйинларида ўз айбини тан олмасдан кўпроқ бошқа баҳоналар қидириб топиши билан ҳам ажралиб турибди. Масалан, бунгача мағлуб бўлган ўйинларида майдонларнинг сифатидан нолиган ҳолда гўёки ютқазганига майдоннинг яхши эмаслигини рўкач қилганди. Лекин 23-турда «Бухоро» ўз уйида яқин рақобатчиси «Қўқон-1912»га ютқазиб қимматли очколарни бой берди.

мухаммадиев_2

мухаммадиев_2

Буни қарангки, «Бухоро»нинг майдони ҳам нобоп аҳволга келиб қолганини кўриш мумкин. Муҳаммадиев ўзи айтганидек, бундай майдонда футбол ўйнашнинг ўзи машаққат. Аммо тақдир тақозоси билан «Бухоро»нинг майдони ҳам шундай аҳволга келиб қолибди. Лекин бу борада тожикистонлик мураббий лом-лим демади, аксинча мағлубият учун бошқа сабаб айтди. Яъни, Бухоро Давлат Университети жамоасида футболчиси ўйнаётгани ва у «Бухоро»га етишмагани борасида фикр билдирган. Лекин буниси энди ортиқча. Мураббий ҳадеб бошқа сабабларни қидириб топмасдан ўз жамоаси ҳақида кўпроқ қайғуриши лозим. Бировларнинг майдонларини ёмонлагандан кўра ўз майдонига эътибор берсин, жамоа ўйинини кучайтириш ҳақида ўйласин. Агар ўз уйида «Қўқон-1912»ни ютганида улардан ўтиб кетган бўларди. Аммо энди бухороликлар учун вазият янада жиддийлашди.

«Бухоро» 24-турда «Қизилқум» меҳмони бўлади, сўнгра «Металлург»ни қабул қилади. Охирги турда эса АГМК вакилларини қабул қилади. Кўриб турганингиздек, улар охирги учта ўйиндан иккитасини ўз майдонида ўтказишади. Бу борада уларнинг «Динамо»га қараганда имконияти яхшироқдек. Бироқ бухороликлар бундан қанчалик даражада фойдалана олишаркин? Шундай экан, охирги учта тур «Динамо» ва «Бухоро» учун ҳаёт-мамот жангидек аҳамиятга эга.

 

Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

МУСОБАҚАЛАР

Тавсия қиламиз

Facebook'даги саҳифамиз