Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Мураббий бўлиш – футболчи бўлишдан мушкул. Майдонда сен тўпни назорат қиласан, майдон четида эса одамларни.

(Валерий Лобановский)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Баҳс: Терма жамоамиз қаерга боради: Россиягами ёки...?

Баҳс: Терма жамоамиз қаерга боради: Россиягами ёки...?

Баҳс: Терма жамоамиз қаерга боради: Россиягами ёки...?

Ўзбекистон терма жамоаси Жахон чемпионати – 2018 Осиё қитъаси саралаш ўйинларини сўнгги босқичини бошлаш арафасида. 3 саралаш босқичига қуръа ташлангандан буён ўтган давр мобайнида ОАВ томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар, танқидлар билдирилди. Роппа-роса 1 ойдан сўнг терма жамоамиз Сурия футболчиларига қарши майдонда саф тортишади. Барча билдирилган фикрлару, танқидлар майдон ташқарисида қолади, ҳаммаси яшил майдонда ҳал қилинади. Лекин албатта ушбу фикр-мулоҳазаю, танқидлардан хулоса чиқарилади деб умид қиламиз. Биз ҳам ушбу фикр мулоҳазалардан четда қолмаслик умидида журналист синглимиз Чарос Дўстматова билан ўзига хос “дуэл” ўтказдик. Яъни Чаросхон терма жамоага пессимистик жиҳатдан, камина (Обиджон Ғозиев) эса оптимистик тарафдан ёндошдик. Уёғига ўзингиз фикр билдирасиз.

Обиджон Ғозиев: Бу сафар терма жамоамизнинг ЖЧга чиқишига ишонаман. Сабаблари, биринчидан, менимча, ҳозирда терма жамоамизнинг энг зўр таркиби жамланган. Буни Бабаян ҳам интервьюларида таъкидлаб ўтган. Сардор Рашидов, Одил Аҳмедов ва Виталий Денисовларнинг ўз клублари сафида асосий таркибда ҳаракат қилаётганлиги, ҳаракат қилганда хам асосий фигура вазифасини бажараётганлиги, албатта, терма жамоада асқотиши шубҳасиз. Қолаверса Сервер Жепаров ҳам миллий чемпионатимизга қайтиб яна ажойиб футбол намойиш қилишни бошлади, марказий ҳимоячиларимиз Анзур Исмоилов ва Егор Кримецлар ҳам ҳозирда дунёнинг кучли футбол лигасига эга бўлишга уринаётган Хитой Суперлигасида тўп суришяпти. Янги кадрлар – Достон Ҳамадамов ва Элдор Шомуродовлардан ҳам умидимиз катта.

Чарос Дўстматова: Келинг, ТЖМнинг ўртоқлик ўйинларига назар ташлайлик. Қайси кучли жамоа билан ўйнади, тажриба орттирди. Сиз юқорида номларини санаб ўтган  футболчиларимиз ўз клубида кучли. Клуб ва терма жамоа ўртасида фарқ бор. Ҳар қайси клуб ҳар хил тактика асосида ўйнайди. Футболчиларни ТЖ тактикасига мослаштириш, уларнинг ўзаро тил топиши учун ўртоқлик ўйинлар зарур. “Оқлар-кўклар”  ўйини эмас.

Энди бош мураббий масаласи. Мен олий лига кучайсагина ЖЧ га чиқардик десам, бўларди-ю, лекин сиз менга АПЛни мисол қилиб, Англиянинг Евро-2016 да кўрсатган натижасини рўкач қилишингиз мумкин. Ҳа, сиз ҳақсиз. Кўп нарса мураббийга боғлиқ. Бабаянга ҳозирча на ишонч билдиришни, на билдирмасликни билмайман. Аммо таркибга фақат “Пахтакор” футболчиларини жалб қилаётгани, албатта, ТЖ бош мураббийига ярашадиган иш эмас. Федерация шунчалик Бабаянга ишонч билдираётган экан, унда бирор хорижлик ёрдамчи мураббий таклиф қилинсин. Биз буни хориж мураббийи Хосе Мариа Мендез орқали футзал тажрибасида кўрдик.

Кейин мени яна бир савол  қизиқтиради. Биз ўртоқлик ўйинлари, бошқа ташкилий масалаларда ТЖМни айблаймиз. Лекин уларни ким назорат қилади. Албатта, ЎФФ. Эсингиздами, 2014 йилда ЖЧга чиқолмаганимизда М. Усмонов чиқиб, олдимизга ЖЧга чиқиш вазифаси қўйилмаган эди деган эдилар. Бу сафар-чи? Бу сафар қўйилганмикин?! Умуман ўтган сафарги ҳолатдан нима ўзгарди ўзи. На таркиб, (албатта, Лабоновдан ташқари) на ташкилий масалаларда, на ЎФФда айтарли янгилик бўлмади.

Обиджон Ғозиев: Бош мураббий хақидаги гапларингизга бутунлай бўлмасада, хар қалай қўшиламан. Лекин, бир нарса фактлигича қолади - Бабаян терма жамоа мураббийи сифатида ҳали биронта расмий ўйинда мағлубиятга учрамади. Балки уни тактик жиҳатларда нўноқликда айблармиз, лекин унинг кучли психологлигини инкор эта олмаймиз. Яна мен Бабаянни ҳозирги кунда хотиржам, ёнбошлаб олиб ҳордиқ чиқараётганлигига ҳам ишонмайман. У кучли менежер, "Пахтакор" ўйинчиларини термага кўпроқ жалб этаётганлиги остида хам менежмент, маркетинг мақсадлари ётганлиги сир эмас. У билади, агар термани ЖЧ га олиб чиқа олса, нималарга, қандай обрў ва мавқега эришишини. Ва жуда яхши тушуниб турибди -  бу имконият унинг учун сўнггиси эканлигини. Агар натижа салбий бўлган тақдирда у яна "Пахтакор"га қайтиб ишлаши, ишсиз қолмаслиги мумкин, лекин унинг мураббийлик статусига катта зиён етади. Ушбу сабаблар туфайли айта оламанки, Бабаяннинг ҳам  сўнгги босқичга олиб қўйган ўз қарашлари ва тактиклари бор.

Чарос Дўстматова: Терма жамоа натижалари учун ҳеч қачон ЎФФ ёки ТЖМ жавоб берганми ҳеч? Фақат бош мураббий алмаштириш билан чекланади. ЖЧ га чиқиш учун аввало тизим йўлга қўйилиши керак. Энди рақиблар масаласига тўхталсак. Ҳатто рақиблар масаласида хам жиддий ўзгаришлар бўлгани йўқ. Яна ўша Жанубий Корея, яна ўша Эрон... Россияда ном қозонаётганлар орасида Эрон ўйинчилари хам борлигини ёддан чиқармайлик. Ўтган саралашда кучли деб ўйламаганимиз Жанубий Кореяни сафдан чиқаришни барибир уддалай олмадик. Рақиблар ўйинида пасайиш бор, шу бизни ЖЧ га чиқишимизга ёрдам беради деган сўзларга ишонмайман. Рақибларимиздан ҳатто Хитой хам бизни аутсайдерлар қаторида кўраётганлиги сир эмас. Ҳа, улар бизни менсишмаяпти. Қуръадан кейин Қатар ҳам бизни энг ўнғай рақиб сифатида кўрди. Хўп таркибимиз кучли бўлса нега рақибларимиз биздан очко олишига шунчалик ишонишмоқда. Чунки Хитой, Эрон ва Жанубий Кореянинг ишонадиган мураббийи бор. Улар кучли жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишяпти. Умуман ЖЧга чиқиш йўлида яхшигина саъй-ҳаркатлар қилишмоқда, шу сабаб ўзига ишонишмоқда. Биз эса бу борада яна омадга суяниб қолганмиз. Агар тизим бўлса ва у қониқарли ишласа бу сафар бўлмаса ҳам келаси сафар албатта ЖЧ га чиқишимизга умид пайдо бўлади.

Обиджон Ғозиев: Бизга бу  сафар ҳар доим ҳам қулай тушавермайдиган тақвим қулай келди. Сурияни ўзимизда қабул қиламиз, ушбу ўйиндаги 3 очко бизга кейинги турда Қатар билан ўйинда ҳам ғалаба қозонишимизга кўмак беради. Биз сафарда Қатарни енгганмиз ва енга оламиз ҳам. 3-турда Эронни ўз уйимизда қабул қиламиз. Одатда бизнинг ўйинчилармиз мавсумнинг шу қисмида идеал холатда, формада бўлишади (Эронни ўз уйида ютиб келганимизни эслайлик). Сўнгра Хитойни қабул қиламиз. Бу пайтга келиб камида 7 очкони қўлга киритиб олсак, бизни тўхтатиш қийин бўлиб қолади. Хитойни ўзимизда енга олсак (бу деярли аниқ), кейинги турда Жанубий Кореяга хотиржам йўл олишимиз мумкин. Корейслар билан эса менимча кўплаб футболчиларимизнинг ўзига хос хисоб-китоби бор. Кореядан энг ёмон натижа қабул қилинганда ҳам 2 давра ўйинларида камида 6 очко йиға олсак, менимча биз Россияга бора оламиз.

Хулоса: Юқоридаги фикрлар бизнинг шахсий фикрларимиз. Қандай фикрда бўлишимиздан қатъи назар ҳар қандай ҳолатда ҳам Ватанимиз бош жамоасининг Россияда бўладиган Жаҳон чемпионатига чиқишини барчамиз бирдай истаймиз ва умид қиламизки ушбу истакларимизни Бабаян бошчилиигидаги терма жамоамиз йигитлари амалга оширишади. Бу йўлда ТЖМ, ЎФФ ва мухлислар бирлашиб терма жамоамизни қўллаб-қувватлашидан умидвормиз.

1470243825
Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар