Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Футболчи касбининг энг ёмон қисми? Интервью!

(Лео Месси)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Афтидан,

Афтидан, "Пахтакор" муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштиради чоғи...

Афтидан, "Пахтакор" муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштиради чоғи...

Суперлигада "Пахтакор" якка пешқадамликни мустаҳкамлаб боряпти.

Чемпионатимизда 16-тур баҳслари ҳам якунига етди. Айтиш мумкинки, борган сари чемпионлик учун курашда «Пахтакор» катта фарқ билан илгарилаб кетмоқда. Бу кетишда Арвеладзе жамоаси муддатидан олдиноқ чемпионликни расмийлаштирадиганга ўхшамоқда. Чунки «Локомотив» бу турда икки очкони йўқотган бўлса, «Пахтакор» рақиблари дарвозасига бештадан гол уришда давом этяпти. Натижада ўртадаги очколар фарқи 13 тага етди.

«Локо» кетма-кет иккинчи ўйинда ҳам «Сурхон»ни юта олмади

Яқинда Ўзбекистон Кубогининг нимчорак финалида «Сурхон» ўз майдонида «Локомотив»ни 3:1 ҳисобида таслим қилиб, мусобақадан чиқариб юборганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна ушбу жамоалар Термизда куч синашишди. Эндиги тўқнашув эса Суперлига баҳси сифатида қайд этилганди. Кубокдан чиқиб кетган «Локо» Термизга бу сафар яраланган шер сифатида бориб, ўша мағлубият учун реванш олиши кутилганди. Лекин иккинчи даврани кутилганидек бошлай олмаган Самвел Бабаян жамоаси бу сафар ҳам мухлисларини ғалаба билан хурсанд этишнинг уддасидан чиқа олмади. Қайтанга, темирйўлчилар яна мағлубиятга учрашга оз қолганди. Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+5-дақиқада меҳмонлар жавоб голини уриб, мағлубиятдан аранг қутилиб қолишди. Ваҳоланки, «Локо» биринчи даврада ўз уйида «Сурхон»ни 5:1 ҳисобида тор-мор келтирганди. Лекин иккинчи даврага келиб вазият ўзгарди ва охирги иккита учрашув Бабаян жамоаси бош мураббийсиз қолган «Сурхон»ни мағлуб эта олмади. Шунингдек, «Локомотив» чемпионлик учун курашда энди «Пахтакор»дан 13 очкога ортда қолиб кетмоқда. Энди чемпионатимизда ким чемпион бўлиши ҳаммага тушунарли бўлса керак-а?

Наманганлик мухлислар Канчельскисни қумсашмоқда

Доимгидек диққат-марказимизда бўлиб келган «Навбаҳор» яна алоҳида мавзуга айланмоқда. Россиялик таниқли мураббий Андрей Канчельскисни ишдан бўшатиб, ўрнига тайинланган Деян Журжевич ҳозирча кутилган натижани бера олмаяпти. Клуб раҳбарларига эса айнан қисқа фурсатда натижа кўрсатиш учун сербиялик мураббий таклиф этилганди. Лекин иккинчи даврани ўз уйида «Қизилқум»га қарши мағлубият билан бошлаб, сўнг Бухорода дуранг ўйнаб қайтган «Навбаҳор» бу сафар ўз уйида ОКМКга имкониятни бой берди. Энди кўпчилик Канчельскисни истеъфога чиқариш хато қарор бўлганини таъкидлашмоқда. Журжевичга эса жамоани ўзи истаган даражада шакллантириши учун барибир вақт кераклиги яққол кўриниб турибди. Эътиборлиси, «Навбаҳор»нинг ўз майдонида ОКМКга мағлуб бўлганидан кейин мухлислар стадион ташқарисида ўз норозиликларини билдиришган ҳолда Журжевичнинг истеъфосини талаб қилган ҳолда яна Канчельскисни қайтаришни сўраб бақиришган.

Арвеладзедан Муҳаммадиевга яна мастер-класс!

«Бухоро» жамоаси ҳали ҳамон инқироз кўчасидан чиқиб кета олмаяпти. Тожикистонлик мураббий Муҳсин Муҳаммадиев иккинчи даврада вазият ўзгаришини айтганди. Лекин унинг гаплари ҳозирча ўз тасдиғини топмаяпти. Ёзда таркибга янги ўйинчилар қўшилди. Айниқса, легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланди ва беш нафар хорижлик ўйинчига эга бўлди. Шунга қарамай, «Бухоро» ҳамон ютқазишда давом этяпти. 16-турда эса Муҳаммадиев жамоаси билан Тошкентда «Пахтакор»га қарши ўйнади. Лекин бу сафар ҳам Арвеладзе Муҳаммадиевга мастер-класс кўрсатди, ўйин эса мезбонларнинг яққол устунлиги остида ўтди. Эътиборлиси, биринчи даврада ҳам «Пахтакор» «Бухоро» майдонида жавобсиз бешта гол уришнинг уддасидан чиққанди ва ўша баҳс Муҳаммадиевнинг дебют ўйини эди. Афтидан тожикистонлик мутахассис ҳали ҳамон «Бухоро»ни жипслаштира олмаётган кўринади. «Шерлар» эса бу кетишда муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштиришлари ҳам ҳеч гап эмас. Ҳар ҳолда ҳозирча воқеалар ривожи шунга қараб кетмоқда. Қолаверса, ўтган турда Навоийда бешта гол урган бўлса, бу сафар ҳам яна шунча гол урди. Очиғи, «Пахтакор»га нечта гол уришнинг фарқи қолмаяпти.

«Динамо»нинг кетма-кет учинчи мағлубияти

Бунгача 15 та ўйинда бор-йўғи битта ғалаба қозонган қўқонликлар ниҳоят бу турга келиб ўзининг мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритишди. Биринчи даврада кичик сенсация кўрсатган «Динамо» иккинчи даврада бунинг аксини кўрсатяпти. Улар кетма-кет учинчи ўйинда учинчи мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишди. Айниқса, Самарқандда чемпионат аутсайдерига ютқазгани «Динамо» устози Даврон Файзиевга ҳам оғир ботгани аниқ. Ғалабага зор бўлиб келаётган «Қўқон-1912» учун эса сафарда қўлга киритилган уч очко айни муддао бўлди. Энди мазкур муваффақият қўқонликларнинг руҳини янада кўтариши учун хизмат қилиши кутилмоқда.

Ниҳоят, Хомяковнинг имзоси кўриняпти…

«Андижон»га Александр Хомяков келганидан кейин жамоа ўйини ижобий томонга ўзгариб боряпти. Ушбу мавсум ҳисобидан андижонликлар меҳмондаги дастлабки ғалабасини қўлга киритишди. Бекободда «Металлург»нинг майдонидан ғалаба билан қайтиш анча-мунча жамоанинг қўлидан келмас эди. Бироқ Хомяковнинг ўйин учун ишлаб чиққан тактикаси иш берди. Ваҳоланки, бекободликлар биринчи даврадаги омадсизликдан кейин иккинчи даврани кетма-кет иккита ғалаба билан бошлаганди ва айниқса, Қаршида «Насаф» устидан ғалаба қозониб қайтганди. Лекин «Андижон» ҳам иккинчи даврани яхши бошлаганини унутмаслик керак. Улар ўз уйида «Бухоро»ни енгди ва меҳмонда ОКМКга қарши учрашувда тайёр ғалабани қўлдан чиқариб дуранг ўйнаганди. Шунга қарамай, «Металлург»га қарши учрашувда «Андижон» ғалаба учун борини берди. Кўриниб турибдики, россиялик мураббий жамоа ўйинида бурилиш ясай оляпти. Муҳими, андижонликларнинг ўйинида мураббийнинг имзоси кўриниб турибди. Шунингдек, улар гол уриш борасида ҳам самарадорликни намойиш этишяпти. Ҳозирча «Андижон» жамоаси ҳар бир учрашувида иккита гол уриб келяпти.

Бақоевнинг «Сўғдиёна»даги мақсади жиддийга ўхшайди

Улуғбек Бақоев бошчилигидаги «Сўғдиёна» жамоаси мақтовга лойиқ ўйин кўрсатаётганини алоҳида айтишимиз жоиз. Улар иккинчи даврани кетма-кет учта ғалаба билан бошладилар. Дастлаб ўз уйида «Локомотив»ни мағлуб этди, сўнг сафарда «Қўқон-1912»ни енгиб қайтди. Энди бўлса, Жиззахда «Қизилқум» ҳам таслим этилди. Натижада жиззахликлар турнир жадвалида 5-ўринга мустаҳкам ўрнашиб бормоқда. Кўринишидан Бақоевнинг режа ва мақсадлари анча жиддийга ўхшайди. Шундай экан, «Сўғдиёна» бошқаларга ўзини ҳурмат қилишни кўрсатиб қўймоқда. «Қизилқум» бўлса, иккинчи даврани Наманганда «Навбаҳор» устидан қўлга киритилган ғалаба билан бошлаб, ўзига хос сенсация кўрсатгандек бўлганди. Аммо кейинги иккита учрашувда бу жамоа яна мухлисларини ранжитяпти. Айниқса, ўз уйида «Пахтакор»дан жавобсиз бешта гол ўтказиб юборди. Бу кетишда «Қизилқум» мавсумни беқарор ўтказиши оқибатида яна бир қанча ўйинларда омадсизликка юз тутиши ҳам ҳеч гап эмас. Демак, мураббий вазиятни ўнгламаса бўлмайди. Чунки навоийликлар аста-секин аутсайдерлар орасига яқинлашиб қолди.

Турнинг марказий ўйинида «Насаф» яна катта саҳнада

Турнинг марказий ўйини сифатида баҳоланган «Насаф» ва «Бунёдкор» ўртасидаги учрашувда «аждарлар» муносиб ўйин эвазига рақибини мағлуб эта олди. 3-ўрин учун курашда кўпинча ушбу иккала клуб бир-бирига рақобат кўрсатаётганди. Бунгача «Насаф» «Бунёдкор»дан бир поғона пастда эди. Энди бўлса, улар ўз ўринларини алмашиб олишди. Иккала жамоанинг таркибида ёшлар кўп ва айниқса, ўйин жиҳатидан ҳам бир-бирига ўхшаши ҳақида кўп фикрлар билдирилаётганди. Ўтган турда ўз уйида қоқилган «Насаф» футболчиларига ушбу мағлубият заррача таъсир кўрсатмаганлигини «Бунёдкор»га қарши ўйинда кўрдик. Қолаверса, Вадим Абрамов жамоаси дастлабки иккита ўйинни анча ишончли тарзда ўтказиб, ҳақли равишда ғалабалар қозонганди. Агар «Насаф» ўз ўйинини кўрсатадиган бўлса, бу жамоани енгиш катта машаққатга айланади. Шу куни эса «Бунёдкор» мезбонларнинг кўрсатган режали ўйинига қарши деярли ожиз қолишди.

 

Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар