Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Агар футболда пул ҳамма нарсани ҳал қилганида – БАА Жаҳон Кубогини ютган бўларди (Казимеж Горски, Польша терма жамоаси бош мураббийи)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

Майдондаги профессор ёхуд Михаил Ан ҳақида

Майдондаги профессор ёхуд Михаил Ан ҳақида

Майдондаги профессор ёхуд Михаил Ан ҳақида

Уни майдондаги профессор деб аташарди. Унинг ўткир паслари ҳар қандай ҳимоячини довдиратарди. Уни мухлисслар Миша чақиришарди. Унинг номи тарихда Михаил Ан бўлиб қолди.

Ўзбек футболида янги даврни бошлаб бериши мумкин бўлган мамлакат футболи юлдузларидан бири Михаил Ан, унинг ўйин услуби ҳақида футболнинг кўп йиллик мухлислари тўлқинланиб гапиришади. Айниқса, унинг майдон марказида ўйинни назорат қилиши ва ақлли ҳаракатлари сабаб, ишқибозлар уни “профессор” деб аташарди.

СССР Олий дивизионида тўп сурган корейс миллатига мансуб илк футболчи

Михаил Иванович Ан 1952 йилда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида таваллуд  топди. У ўзи туғилиб ўсган “Свердлов” номидаги колхозда футболга илк қадамларини Н. А. Ким и А. С. Лянлар мураббийлиги остида қўйди. Унинг футболчи сифатида шаклланишида акаси Дмитрий Аннинг ҳам хизматлари катта эди. Дмитрий эса ўз вақтида “Пахтакор” футбол мактабида Биродар Абдураимов, Ҳамид Раҳматуллаев каби футболимиз афсоналари билан ўқиганди. Шунингдек, катта Ан 60-йилларда СССР Олий дивизионида тўп сурган корейс миллатига мансуб илк футболчи эди.

— Михаил Ан болалигиданоқ ўзининг алоҳида қобилиятга эгалиги билан бошқалардан ажралиб туради. Ундаги энг муҳим хусусиятлардан бири – бу майдонни кўра олиш ва ўйин темпини моҳирона ҳис қилиш эди. “Миша” йил сайин футболчи сифатида ўсиб бораётганди. Унинг характеридан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ундан ажойиб мураббий чиқарди — дея хотирлайди, ўзбек футболи фахрийларидан бири, ФИФА профессори, болаликда у билан бир клубда ўйнаган Рустам Акрамов.

"Полиотдел"дан бошланган қадам

Михаил Аннинг профессионал футболга қўйган илк қадамлари 1968 йилга тўғри келади. Ўшанда у Тошкент вилоятининг “Полиотдел” жамоасига қабул қилинади.

Жуда яхши тезликка эга бўлган, ўйинни тезда ўқий оладиган, жамоадошларини майдон марказида қулай паслар билан таъминлай оладиган ёш Анни 1969 йилги мавсумдан бошлаб жамоанинг ўша вақтларда бошқарган Евгений Борисович Валицкий асосий таркибга жалб этади. Бироқ 17 ёшли футболчи ўша йили бирорта учрашувда майдонга туширилмайди. Фақат 1970 йил 12 июль куни меҳмонда Чимкентнинг “Металлург” жамоасига қарши ўтказилган учрашувда ёш Анга баҳсни асосий таркибда бошлаш имкони берилади. Бироқ учрашувнинг 75-дақиқасида у ўз ўрнини ўзидан бироз тажрибалироқ бўлган Александр Шелочковга бўшатиб беради. Таассуфки, Михаил Ан дастлабки жамоаси таркибида рақиблар дарвозасини ишғол қила олмайди.

"Пахтакор"

1971 йилги мавсумдан иқтидорли футболчи фаолиятини “Пахтакор”да давом эттиради. Жамоанинг ўша йилдаги мураббийи, Александр Андреевич Келлер 19 ёшли йигитчага у қадар юксак ишонч билдирмайди ва Ан ўтган бутун мавсум давомида атиги 10 та учрашувда асосан, захирадан майдонга туширилади. Хусусан, у “Пахтакор”даги дебютини “шерлар”нинг Тошкентдаги Тбилисининг “Динамо”сига қарши ўтказган баҳсига қадар кутишига тўғри келади. СССР Олий лигасининг 22-тури доирасида ўтган ушбу учрашувда тошкентликлар Тбилиси жамоаси устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонади. 21 000 мухлис қаршисида ўтган ўйиннинг 75-дақиқасида Михаил Ан жамоанинг 3-голига муаллифлик қилган Вячеслав Солохонинг ўрнига майдонга тушади. Шу баҳсдан сўнг, ёш Мишага ҳам мураббий томонидан кўпроқ имконият тақдим этилаверади. Умуман олганда, Михаил Ан 1971 йилги мавсум давомида жами 10 та ўйинда 364 дақиқа ҳаракатланади ва ўша ўйинларданоқ у мухлислар қалбидан жой эгаллаб бораверади. Кейинги мавсум эса қаҳрамонимиз учун анча самаралари ўтди, дейишимиз мумкин. Хусусан, 1972 йилдан бошлаб унга кўпроқ имконият берилади ва Миша ҳам бу ишончни шараф билан оқлаб боради. Хусусан ўша йилнинг 2 март куни Днепропетровскнинг “Днепр” жамоасига қарши ўтказилган меҳмондаги ўйинни у асосий таркибда бошлайди ва тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланади. Афсуски, бу ўйинда Тошкентликлардан омад юз ўгиради. Хусусан, ўйиннинг 25-дақиқасида украиналиклар ҳужумчиси Виктор Романюк ҳисобни очган бўлса, 45-дақиқага келиб, Биродар Абдураимов ҳисобни тенглаштиради. Бироқ 67-дақиқада украиналик ҳужумчининг пенальтини аниқ амалга ошириши оқибатида Тошкентликлар ортга боши эгик ҳолда қайтишга мажбур бўлишади.

Голларга бой ўтган мавсум

Ўша йилнинг 17 апрелига келиб, Михаил Ан “Пахтакор” таркибидаги голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлади. Нальчикнинг “Автомобилист” жамоасига қарши ўтказилган ўйиннинг 35-дақиқасида у пенальтидан унумли фойдаланади ва тошкентликларнинг ортга 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан қайтишларига ўз ҳиссасини қўшади.  Умуман, бутун ўтган мавсум давомида “Миша” ўз жамоаси таркибида 38 та ўйинда майдонга тушиб 2 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол қилди ва СССР Биринчи лигасининг 30-тури доирасида Бишкекнинг “Алга” жамоаси билан ўтказилган ўйинда огоҳлантирилди. Михаил Ан бутун фаолияти давомида “Пахтакор” таркибида 233 та ўйинда 50 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Унинг самарали узатмалари бўйича статистикасини эса афсус, аниқлашнинг имкони бўлмади.

Конструктив планда беқиёс

“Федоров ва Хадзипанагислар билан ажойиб тандем ҳосил қилган 23 ёшли Михаил Ан нафақат ҳужумчиларни самарали паслар билан таъминлайди, балки рақиб дарвозасига йўл топишда ҳам улардан сира қолишмайди”, дейилганди, “Спартак” клуби томонидан 1975 йилги мавсумда москваликларнинг ўйин учун тайёрлаган дастурномасида. Шунингдек, Москванинг “Футбол” ҳафтаномасининг 1976 йил 20-сонида “Пахтакор ўйинчилар танлашда моҳир клуб ҳисобланади: жамоа ҳимояси тажрибали, ўрта чизиқда эса конструктив планда беқиёс ҳисобланувчи Михаил Ан ҳаракатланади”, дейилганди. Айни нашрнинг 1977 йил 32-сонида эса футболчи ҳақида яна бир кичик маълумотга дуч келамиз: “Пахтакор”да ҳужумчиларга юмшоқ ва ақлли пас узата оладиган Ан ёрдамида чизиқлар ўртасида жуда яхши боғлам йўлга қўйилган.”

Миллиметргача ҳисобланган паслар

1974 ва 78 йилларда Михаил Ан мавсумнинг энг яхши футболчилари учлигидан ўрин олди. У билан 1978-79 йилги мавсумларда бир жамоа сафида тўп сурган Константин Новиков собиқ жамоадошини хотирлар экан, “Миша Ан тўпни ҳис қилиш, майдонни кўра олиши билан ҳаммани ҳайратга соларди. У тўп билан шерикларига узатган миллиметрларигача ҳисобланган паслари билан мўжиза яратарди”, дейди.

Оиласи ва болаларни севарди

Михаил Ан СССР терма жамоаси сафида 2 та ўйинда майдонга тушди. Унга қадар эса 1976 йилда ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғалаба қозонган жамоанинг сардори эди. Унинг терма жамоа сафидаги йилларини ёдга олар экан, Тбилисининг “Динамо” клуби собиқ футболчиси Давид Кипиани баъзи воқеаларни ёдга олади: “Биз Миша Ан билан дўст эдик ва ёшлар терма жамоаси сафида бирга тўп сурганмиз... Кичик бир деталь. Биз хорижга чиққанимизда Миша ўзи учун ҳеч нарса харид қилмасди. Нима сотиб олса фақат болалар учун оларди. Агар инсон болаларни шунчалар севса ва оиласини ҳурматласа, у ҳам ҳурматга лойиқ бўлади.”

Мураббий хотирасида

1979 йилнинг 11 августида ўзбек футболининг асл жавоҳирлари бу ҳаётдан олиб кетган авиаҳалокат вақтида самолёт бортида “Пахтакор”нинг бошқа аъзолари қатори Михаил Ан ҳам бор эди... “Ўша августнинг қайноқ кунларидан бирида Миша онасини кўргани келди. Шу куни Олмалиқнинг “Металлург” жамоасига қарши ўйин ўтказаётган эдик. Бутун тайм давомида у билан ота-болалардек, дилдан суҳбатлашдик. Негадир ўшанда у болалигидаги барча дўстларини ёдга олди... Эслайман, ундан Минск сафарига бормай, жароҳатини даволангунича чидашини сўрадим. У ўйлаб кўришга ваъда берганди. Ўшана уни сўнгги маротаба кўриб турганим хаёлимга ҳам келмаганди”, дея ёдга олади уни Михаилнинг болаликдаги мураббийи Александр Лян.

Тирикликда насиб этмаган эътироф

Бугун ўзбек мухлислари томонидан “профессор” номи билан севиб ёдга олинадиган футболчининг номи тарихимиздан буткул ўчиб кетганича йўқ. Хусусан, 2006 йилда унга Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Шуҳрат” орденининг тақдим этилгани ҳам фикримизга далил бўлади. Нима бўлганда ҳам, тарих янгиланиб бораверар экан, ҳали кўплар Анлар ўзбек футболини янги поғонага кўтариб бораверади.

Мақолани тайёрлаш вақтида фойдаланилган манбалар:

ru.wikipedia.org

www.rusteam.permian.ru

footballfacts.ru

koryo-saram.ru

mytashkent.uz

 

Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар