Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Сиз қачонки тўпни назорат қилаётган бўлсангиз, билингки, сиз ўйинни назорат қиляпсиз (Пеле)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

"Ўлим гуруҳи"нинг "қурбони"га айланган "Пахтакор"!

"Ўлим гуруҳи"нинг "қурбони"га айланган "Пахтакор"!

"Пахтакор" жамоаси кўрсатган ўйини билан Осиё Чемпионлар лигасининг кейинги босқичига чиқишга муносиб эди.

Футбол баъзан шундай бешавқат бўлиб кетадики, юз берган вазиятга чидашнинг ўзи бир машаққатга айланиб қолади. Ўтган ҳафтада эса барчамиз учун жуда аламли бўлган мағлубиятни хазм қилишга мажбур бўлдик. “Пахтакор”нинг “Ал Аҳли” билан учрашувда охирги дақиқаларда ўтказиб юборган голи туфайли шунча меҳнат чиппакка чиқди ва бунинг оқибатида “Шерлар” оғзидаги ошини олдириб қўйди. Лекин футболда мана шундай аламли мағлубиятлар билан ширин ғалабалар доим ёнма-ён юради. Бу сафар эса футболнинг аламли мағлубиятини ўзимизда яна бир бор ҳис қилиб кўришга мажбур бўлдик.

Ҳа, бу қанчалик оғир ва қайғули бўлмасин, буни қабул қилишимизга тўғри келади. Лекин бу шундай мағлубият эдики, ҳеч ким “Пахтакор”ни кейинги босқичга чиқа олмагани учун танқид қила олмайди. Чунки Шота Арвеладзе бошчилигидаги жамоанинг гуруҳ босқичида намойиш этган ўйинлари борасида катта эътирозлар йўқ. Аламлиси, “Пахтакор” кейинги босқичга чиқишга тўла муносиб эди. Бироқ футболда доим ҳам сиз ўйлаган режалар амалга ошавермайди. Лекин “Пахтакор” сен бошингни тик тут, ерга туширма! Зеро, “шерлар” мардонавор ўйин кўрсатди.

пахтакор3

пахтакор3

Биз “Ал Аҳли”га қарши ўйини ҳақида ортиқча тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Боиси бўлар иш бўлиб ўтди ва буни энди ортга қайтаришнинг сира иложи йўқ. Аммо “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги умумий картинкасига назар ташлайдиган бўлсак, ижобий таассурот қолдирди. Чемпионлар лигасига қуръа ташланган пайтидаёқ “D” гуруҳи “ўлим гуруҳи” дея эътироф этилганди. Ундаги клубларга қаранг: Осиёнинг етакчи ва обрўли клублари – “Ал Садд”, “Ал Аҳли” ва “Персеполис”. Эроннинг “Персеполис” клуби ўтган йили Осиё Чемпионлар лигасининг финалигача етиб борганди. “Ал Садд” эса ўз вақтида ушбу нуфузли мусобақани ютиб, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган. “Ал Аҳли” ҳам ушбу мусобақани ютиш учун даъвогарлардан бири эди. Кўпчилик эса ўйинларга қараб “Ал Садд” билан “Пахтакор”нинг кейинги босқичга чиқишини кутишаётганди. “Персеполис” эса биринчилардан бўлиб ушбу гуруҳнинг “қурбони”га айланганди. Афсуски, унинг шериги сифатида кўпчилик кутганидек “Ал Аҳли” бўлиб чиқмади.

Шота Арвеладзе “Пахтакор”да иш бошлаган дастлабки йилларда кўплаб танқидларга учраганди. Унинг бошчилигидаги жамоанинг ўйинида ранг-баранглик йўқ эди. Аммо Европа футболини кўриб, ўзи учун катта тажриба тўплаган мутахассис “Пахтакор”даги учинчи мавсумига келибгина ўзининг ўйлаган тактик услубларини тўлиқ амалга жорий эта бошлади. Аслида эса мураббийнинг бир жамоани шакллантириш учун камида уч йил вақт кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Буни эса Арвеладзе мисолида кўришимиз мумкин. “Пахтакор”даги учинчи йилига келиб, жамоа ўйинида унинг имзоси яққол кўрина бошлади. Очиғи, Шота Юстинович билан “Пахтакор” ОЧЛда узоқроққача бора олишига ишонаётгандик ҳам. Гуруҳдан чиқишига эса шубҳамиз деярли қолмаганди, ҳисоб. Энди эса у Ўзбекистон чемпионатида муваффақиятлар қозониши лозим.

Аксига олиб, Тошкентнинг бошқа бир клуби – “Локомотив” ҳам Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятсизликка учраган ҳолда муддатидан олдин гуруҳда қолиб кетиши аниқ бўлиб улгурганди. Шу боис ҳеч бўлмаганда “Пахтакор”нинг кейинги босқичга чиқиши бизни бироз овутишини кутаётгандик. Шундай экан, икки етакчи жамоаларимизнинг гуруҳда қолиб кетишлари албатта ҳар томонлама ачинарли ва қайғули вазиятдир. Бу эса келаси йили бўладиган ОЧЛ мусобақаси учун ўз-ўзидан Ўзбекистонга бериладиган квоталарни янада камайишига олиб келади. Аслида эса “Пахтакор”дан кўра “Локо”нинг гуруҳи нисбатан енгилроқ кўринганди. Бироқ шунда ҳам “темирйўлчилар” бундан фойдалана олишмади. Кўпчилик эса унинг гуруҳида “Пахтакор” бўлганида қийинчиликсиз кейинги босқичга чиқишига ишонишлари ҳақида ҳам кўп гапиришди. Аммо нима бўлганда ҳам биз энди ОЧЛни шунчаки томошабин сифатида кузатишга мажбурмиз.

Пахтакор

Пахтакор

“Пахтакор” “Ал Аҳли”га қарши учрашувдан олдин Фарғонада “Андижон” билан ўйнаганидан хабарингиз бор. Йирик ҳисобда ғалаба қозонган беллашувда жамоанинг асосий таркибидаги айрим етакчилар захирада қолдирилганини кўриб, клуб матбуот хизматига барибир Шота Арвеладзенинг хаёлида “Ал Аҳли” билан учрашув турганлиги боис етакчиларга дам берибди-да деганимда, йўқ, Арвеладзедан ҳам кўра, балки футболчиларнинг хаёлларида кейинги ўйиннинг маъсулияти турибди дея жавоб берганди. Тан олайлик, ўшанда “Пахтакор” катта қийинчиликка дуч келмай ғалаба қозонганди. Табиийки, Саудия сафарига яхши кайфиятда жўнаб кетишган. Охирги турдаги учрашувнинг аҳамияти нақадар жиддийлигини эса ҳар бир “пахтакор”чи ич-ичидан ҳис қилиб турганди ҳам. Агар адолат нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, кейинги босқичга “Ал Садд” билан бирга “Пахтакор” чиқиши керак эди. Ҳаттоки, тақдир бизга шундай вазиятни ҳам яратиб бергандики, “Ал Аҳли” – “Пахтакор” баҳсидан олдин Эронда “Персеполис” – “Ал Садд” учрашуви ниҳоясига етган ва унда мезбонлар ўзлари учун кераксиз учрашувда 2:0 ҳисобида зафар қучишганди. Агар “Пахтакор” Саудияда ғалаба қозонадиган бўлса, гуруҳда биринчи ўринни ўзиники қилиб олиши ҳам мумкин эди. Қисқаси, ютқазмаса бўлди эди. Биз эса “Ал Садд”нинг мағлубиятдан кейин ширин ҳаёлларга берилдик. Ахир “Пахтакор” бу йил кучайган ва ўйини ҳам шаклланган эди. Шунинг учун Арвеладзе жамоасидан энди ғалабани кута бошлагандик. Лекин ўзимизнинг орзу-ҳавасларимизни ўйлаб “Ал Аҳли”никини унутиб қўйибмиз, чоғи. Негаки, уларни ҳам кейинги босқичга олиб чиқиш учун фақат ғалаба керак эди. Ўйин давомида эса кўрганингиздек, вазият ўзгариб турди. Айниқса, “Пахтакор” ютқазаётган маҳалда ғалабани унутиб, дурангга умид қила бошлагандик. Ўйин охирларидаги Игорь Сергеевнинг голи эса ўша умидларимизнинг рўёби сифатида хизмат қилаётгандек бир пайтда ҳакам томонидан қўшиб берилган тўрт дақиқанинг иккинчисида мезбонлар томонидан киритилган иккинчи гол “Пахтакор”нинг устига қуйилган совуқ сув каби акс-садо берди. Адолат нуқтаи назаридан олиб қараганда, бизнинг жамоамиз кейинги босқичга чиқишга тўла-тўкис муносиб эди. Аммо “ўлим гуруҳи”да ҳеч ким “қурбон” бўлишни истамагани учун охирги сонияларгача қаттиқ жанг кечганини шундан ҳам билса бўлади.

“Пахтакор” гуруҳдан чиқа олмаган бўлса-да, бу клубнинг катта лойиҳалар асосида иш бошлаган улкан режаларига асло соя солмаслиги керак. Суперклубга айланишни мақсад қилган клубга ғалаба ва муваффақиятсизликлар асло таъсир кўрсатмаслиги лозим. Шундай экан, ҳаёт давом этади...

 

 

Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар