Натижалар

Режалаштирилган ўйинлар йўқ

МУСОБАҚАЛАР

Фотолавҳалар

Иқтибос

Голсиз ўйин – бўсасиз муҳаббат!

(Жозе Альтафини)

Твиттерда кузатинг

Facebook'даги саҳифамиз

"Андижон"га бош мураббий бўлган Жамшид Саидов: Билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан

"Андижон"га бош мураббий бўлган Жамшид Саидов: Билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан

У ўзига билдирилган бу ишончни оқлашга ҳаракат қилишини айтди.

Суперлиганинг янги иштирокчисига айланган «Андижон» клуби учун мавсум осон ўтмаслиги ва мураккаб учрашувлар кутиб турганлиги бошиданоқ маълум эди. Чемпионатнинг дастлабки 8 та туридан кейин андижонликлар бир бор ғалаба қозонишди. Яна тўрт дуранг ва уч мағлубият билан 12-ўринда боришмоқда. Албатта, бу натижалар мухлислар ва раҳбарларни қониқтирмаяпти. 8-турда Жиззахда «Сўғдиёна»га имконият бой берилганидан кейин «Андижон»да бош мураббий ўзгарди. Бунгача ушбу лавозимда ишлаб келган Элдор Сакаев истеъфога чиқди. Унинг ўрнига эса клубда ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаётган Жамшид Саидов вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Аслида ҳам воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганди дейиш мумкин. Негаки, жамоанинг кўрсатаётган ўйини ва натижалари ҳеч кимни қониқтирмаётганди. 8 та учрашувда бор йўғи бир бор ғалаба қайд этгани ҳам ишқибозларни ранжитаётганди. Ҳозирча ягона бўлиб турган ғалабасини «Насаф» билан учрашувда қўлга киритганини яхши билсангиз керак. Вилоят ҳокими футболчилар учун барча шароит ва имкониятларни яратиб бераётган бир пайтда жамоанинг бундай эътибордан фойдалана олмаётганлиги ҳам ачинарли, албатта. Олдинда эса «Бургутлар» ва «Шерлар» ўртасидаги тўқнашув турибди. Суперлиганинг 9-турини бугун айнан «Андижон» - «Пахтакор» учрашуви бошлаб беради. Жамшид Саидов учун эса бу дастлабки жиддий имтиҳон бўлади.

- «Андижон»да Маъруф Абдисаломовнинг таклифига биноан февраль ойида иш бошладим, - деб гап бошлади, Саидов. - Менга ишонч билдиришгани учун раҳмат айтмоқчиман. «Андижон» олдиндан яхши жамоа бўлиб келган. Аммо охирги икки йилни клуб қуйи лигада ўтказишга мажбур бўлди. Айтмоқчиманки, «Андижон» икки йиллик танаффусдан кейин Суперлигага чиқди. Жамоанинг ўз ўрнини топиб олиши учун эса шубҳасиз вақт керак. Бунинг учун тўғри таркиб танлаб олинган. Мақсадимиз Андижон халқини ўз ўйинларимиз ва ғалабаларимиз билан хурсанд қилиш. Эътибор берсангиз, бошқа жамоаларнинг ўйинларини кўрсангиз стадионга мухлислар кам келишяпти. Фақат айрим клубларнинг стадионлари томошабинлар билан тўляпти. Бири «Навбаҳор» бўлса, яна бири «Андижон».

Биринчи давранинг ярми ҳам ортда қолгани боис жамоаларнинг кучи ва имкониятлари борасида бироз бўлса ҳам фикрлар ҳамда хулосалар чиқаришга етарли бўлмоқда. «Андижон»нинг ҳозирги натижалари эса ҳаммага маълум. Шуни назарда тутган ҳолда вақтинчалик бош мураббийга айланган Жамшид Саидовдан ортда қолган ўйинлар ҳақидаги фикрларини билилишга қизиқдик.
- Суперлигада 8 та тур ортда қолди. Биз эса ўз майдонимизда фақат икки марта ўйнадик холос. Ушбу учрашувларда ёмон таассурот қолдирмадик. Сафарда эса қийин рақибларга қарши тўқнаш келдик. Яхшими-ёмонми, дуранг натижаларни қайд этиб келдик. Жамоамиз энди-энди ўйинини шакллантириб бормоқда. Ҳозирдан эса клуб ҳақида шошилинч хулоса чиқариш яхши эмас. Ноябрь ойига келибгина аниқ таҳлиллар ва хулосалар юзага чиқади. Бир жиҳатни тўғри тушуниш лозимки, «Андижон» илк бор Суперлигага чиқди. Биринчи йилда эса аввало элитада ўз ўрнини сақлаб қолиши лозим.
«Андижон»нинг бугунги таркиби ҳақида ҳам турли фикрлар билдирилмоқда. Лекин раҳбарият жамоадаги ўйинчиларни яқин йиллар ичида имкон қадар маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқдалар. Жамоанинг ҳозирги таркибида ҳам андижонлик ўйинчилар йўқ эмас, аммо кам. Қишдаги селекцияда эса асосан бошқа клублардан бир қатор футболчилар жалб этилди. Лекин шуни ҳам тўғри тушуниш керакки, мураббийлар рақобатни кучайтириш учун шунга мажбур эдилар. Бироқ жамоага жалб этилган ҳамма футболчилар ҳам ишончни оқлай оляптими деган ҳақли савол ҳам туғилади.

- Биз таркибга бошқа жойлардан бир қатор ўйинчиларни таклиф этганмиз, - дея мавзуни давом эттирди, бош мураббий. - Уларнинг барчасини бир оила сифатида шакллантириб олишимиз учун эса хоҳлаймизми-йўқми вақт керак. Тушунаман, клуб раҳбарлари ҳам таркибда маҳаллий футболчилар ўйнашсин деб талаб қилишади. Аммо бу бирданига ўз-ўзидан содир бўладиган жараён эмас. Бу ҳам вақтни талаб қилади. Ҳозир исталган жамоани кўринг, таркибида маҳаллий ўйинчилари кам. Ҳаттоки, «Насаф» клубида маҳаллий футболчилари кўп эмас. Ўз вақтида «Бухоро»да ишлаган чоғимда ҳам раҳбарлар мендан маҳаллий футболчиларни кўпайтиришимни сўрашганди. Лекин маҳаллий кадрлар масаласи муаммоли эди ва бунинг учун ҳам вақт керак бўларди. Мағлубиятлар бўлса бу албатта ҳеч кимга ёқмайди. Ҳозирча 8 та тур ўтган бўлса, чемпионатдаги рақобат нақадар кучли бўлаётгани кўриниб турибди. Ҳозир жамоаларнинг очколари борасида фарқлари у қадар катта эмас. Битта мағлубият ёки ғалаба билан эгаллаб турган ўрнингиз ўзгариб кетиши мумкин. Энди Элдор Сакаевнинг ўрнини эгаллаган Жамшид Саидовга ишонч билдирилмоқда. Унинг «Бухоро»да фаолият олиб борганини яхши эслаймиз. Анча йиллардан бери мураббий сифатида меҳнат қилиб келаётгани учун ҳам ўз ишини яхши билади. Аммо ҳар доим мураббийларга қийин бўлиб келган. Масалан, ҳозирги жараёнда ушбу мутахассисга ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Чунки вазиятни қандай бўлмасин ижобий томонга ўзгартиришига тўғри келади.

- Мени вақтинчалик бош мураббий сифатида тайинладилар. Мен эса масъулиятни яхши тушуниб турибман. Андижон халқини хурсанд қилиш учун бор кучим ва меҳнатимни беришга ҳаракат қиламан. Чунки футбол – бу халқ учун. Бошқа томондан қараганда, «Андижон» билан яхши натижаларни кўрсатсак, бу мураббий сифатида ўзимнинг обрўим учун ҳам яхши бўлади. Ҳозирги жараён ҳам менга қўшимча мотивация беради. Бу ҳам ҳаётнинг бир босқичи. Бизнинг ишимиз мана шундай босқичлардан иборат. Бунгача ёрдамчи мураббий эдим, энди бўлса вақтинчалик бош мураббийга айландим. Биз мухлисларни хурсанд қилиш учун ўйнаймиз. Қолаверса, бизнинг навбатдаги рақибимиз «Пахтакор» бўлади. Стадион ҳам мухлислар билан тўлади деб ўйлаяпман. Бундай пайтда ишқибозларимизнинг қўллаб-қувватлаши биз учун катта аҳамиятга эга. Бундай кучли рақибга қарши ўйинда халқнинг далдаси футболчиларимизга катта руҳий куч беради. Ўша учрашувдан кейин мухлислар билан хурсандчилик қилишни хоҳлаймиз, - дейди мураббий.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бугун «Андижон» ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилади. Ҳозирги пайтда эса чемпионатимизда иккита кучли клуб бўлса, бири «Локомотив», яна бири «Пахтакор». Айниқса, Шота Арвеладзенинг жамоаси ушбу мавсумда янада кучлироқ бўлиб қайтди. Хўш, бўлажак учрашув учун Жамшид Саидовнинг режалари қандай? Кучли рақибга қарши қандай чора кўраркин? Бу хусусида ўзи шундай деди:

- Ҳаммасини вақт кўрсатади. Албатта, «Пахтакор» билан учрашувда таркибда ўзгаришлар бўлади. Жамоа ўйинига ва таркибига бирор-бир янгиликни киритишга ҳаракат қиламиз. Лекин «Пахтакор»га қарши жуда қизиқарли ўйин бўлади. Мухлислар шу куни чиройли ва ҳужумкор футболни кўришади. Биз ижобий натижага эришиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

Лекин яна бир жиҳатни ҳам алоҳида айтишни истардикки, кўпчилик «Андижон»нинг кўрсатаётган ўйинидан норози. Масалан, Жиззахда «Сўғдиёна»га қарши учрашувда ҳам негадир «дим» ўйин кўрсатди. Аслини олганда, бунгача ўтказган ўйинлари борасида ҳам мақтовли гапларни айтиш қийин. Ҳаттоки, «Андижон»ни Суперлигада зерикарли ўйинлардан бирини кўрсатмоқда деган фикрларни ҳам эшитяпмиз. Бу масала бўйича Саидовга мурожаат қилдик.

- Нима учун оғир? Масалан, «Насаф» жуда яхши жамоа. Биз эса уларга қарши яхши ўйин кўрсатиб ғалаба қозондик. «Динамо»га қарши эса ёмон ўйин кўрсатдикми? Тўғри, ўз майдонимизда дуранг ўйнаб қўйдик. Бунга эса ўзимиз сабабчи бўлдик. Боиси яратилган имкониятларимиздан етарлича фойдалана олмадик. Ўша куни омадимиз чопмади. Футболда омад жуда катта нарса. Европа футболини қаранг. «Барселона» ва «Аякс»дан омад қандай юз ўгирганини ҳамма кўрди. Тўғри, ишқибозларга доим ғалаба керак. Ҳаммани ўз фикри бор. Лекин улар ҳам футболни тушунишларини истардим. Масалан, бир марта футболга кириб ўйин йўқ, деб танқид қилишади. Лекин биз мураббийлар ҳам одаммиз ва биз ҳам хато қиламиз. Албатта, шу ишда меҳнат қилар эканмиз, имкон қадар максимал даражада фаол ишлашга ҳаракат қиламиз. Футболчилар билан ҳаммасини обдон ўрганиб, таҳлил қиламиз, муҳокамалар ўтказамиз. Биз бу жараёнга ҳам катта эътибор берамиз. Албатта, мухлислар стадионга келдими, улар ўз жамоасининг ғалабасини хоҳлашади ва талаб қилишади. Улар учун эса ҳужумкор футбол кўрсатиш керак. Ўз навбатида ўзимиз ҳам худди ишқибозлар каби ютишни жуда-жуда истаймиз. Лекин бир нарсани ҳам унутмаслик керакки, футболда ҳар доим ҳам ўйин ўзингиз ўйлагандек чиқавермайди. Шунинг учун ҳам футболда барқарорлик жуда муҳим ҳисобланади. Тўғри айтдингиз, чемпионатимизда ҳозирда «Пахтакор» билан «Локомотив» кучли ва барқарор ўйнашяпти. Мана, Шота Арвеладзени олайлик. У «Пахтакор» билан энди-энди ўзи истаган ўйинни кўрсата бошлаяпти. Бунинг учун эса унга уч йил керак бўлди. Исталган жамоани шакллантириш учун эса мураббийга аслида ҳам уч йил вақт керак. Андижонда футболга жуда катта эътибор бериляпти. Биз ҳам бунга жавобан жамоани муносиб равишда ўйин кўрсатишини ва Суперлигадаги дебют мавсумимизда ўз ўрнимизни сақлаб қолишни истаймиз. Кейинги йилдан эса режага қараб катта мақсадлар қўйилади. Про-лигадан Суперлигага чиқиб, бирданига натижа кўрсатиш ҳам қийин.

Дарвоқе, «Андижон»га бу йил таклиф қилинган футболчилар орасида легионер Радослав Алексич ҳам бор. Бироқ бу футболчи ҳалигача «Андижон» таркибида майдонга тушиб дебютини ўтказгани йўқ. Қизиқ, у ҳолда уни нима мақсадда олиб келишган, деган табиий савол ҳам туғилади. Ўйнамасдан захирада ўтираверадиган легионер кимга керак?

- Алексичнинг майдонга тушмаётганига жиддий сабаб йўқ. Ҳа, у ҳали ўйнагани йўқ. Аммо жамоа билан бўлажак учрашувга жиддий тайёргарлик кўряпти. Барибир у легионер. Профессионал сифатида ўзининг спорт формасини яхшилаш устида ишлаяпти. Албатта, унга ҳам ўйнаш учун вақт келади, - дея муносабат билдирди, бош мураббий.

Янгиликка алоқадор:
Фикрингизни билдириш учун рўйхатдан ўтиш ёки профилга кирган бўлишингиз керак

Сўнгги янгиликлар